Ёш оилаларга “Камолот” уйлари
Фарғона шаҳрида 33 ёш оилага мўлжалланган “Камолот” уйлари фойдаланишга топширилди. Замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган кўп қаватли уйда барча шароит ва қулайликлар яратилган.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар учун муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган ушбу йўналишдаги муҳим вазифалар ижроси юзасидан Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида меҳнат қилаётган ёш оилалар учун бунёд этилган “Камолот” уйи ҳам ана шу эзгу ишларнинг давоми бўлди.
– Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган улкан эътибордан нафақат ёшлар, балки уларнинг ота-оналари, бутун халқимиз жуда хурсанд, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бошланғич ташкилоти етакчиси Умидахон Ғофурова. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бир қатор тадбирлар белгиланган. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ёшларнинг ҳаётга, яхши яшашга бўлган интилиш ва қизиқишини, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
– Янги йилни янги уйда кутиб олаётганимиздан хурсандмиз, – дейди янги уй соҳиби Абдурашид Комилов. – Биз, ёшларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.