Ёш ҳарбийлаштирилган назоратчилар иш бошлади
Қўриқлаш хизматига ишга қабул қилинганимдан хурсандман, – дейди ҳарбийлаштирилган назоратчи лавозимига тайинланган ходим Жасур Қодиров.
Термиз шаҳридаги Хотира майдонида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти қўриқлаш бошқармасига ишга қабул қилинган ёш ҳарбийлаштирилган назоратчиларни ўз хизмат жойларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник А.Умаров ёш ходимларни масъулиятли ва шарафли касбни танлагани билан табриклаб, уларнинг Ватан тараққиёти ва юрт осойишталиги йўлида муносиб хизмат қилишига муваффақият тилади.


Мамлакатимизда кейинги йилларда ёшлар бандлигини таъминлаб, улар учун муносиб шароит яратиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида ҳам жисмонан соғлом, маънан етук ёшлар учун иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сурхондарё вилояти қўриқлаш бошқармаси мутасаддилари вилоят ёшлар иттифоқи ва бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари ҳамкорлигида ҳарбийлаштирилган назоратчи лавозимига номзодларни саралаб, дастлабки босқичда уларнинг 28 нафарини ишга қабул қилишни тавсия этди. Шундан сўнг ёш ходимлар учун уч ҳафталик ўқув машғулотлари ташкил этилиб, билим ва кўникмалари оширилди. Тажрибали мутахассислар назарий ва амалий машғулотлар ўтказиб, жанговар-жисмоний, ўқ отиш тайёргарлигини, маънавий-маърифий, сиёсий-ижтимоий билимларини мустаҳкамлади.


– Қўриқлаш хизматига ишга қабул қилинганимдан хурсандман, – дейди ҳарбийлаштирилган назоратчи лавозимига тайинланган ходим Жасур Қодиров. – Соҳа сирларини чуқур ўзлаштиришимизда биз учун ташкил этилган ўқув машғулотларининг аҳамияти катта бўлди. Ўқиш даврида биз учун машғулот хоналари, ётоқхона ва ошхонада барча шароит яратилди. Бўш вақтимизни шинам кутубхона ва спорт залда мароқли ўтказдик. Хизмат даврида юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлашдек муқаддас бурчимни шараф билан адо этишдан фахрланаман.
Тадбир якунида илк хизмат вазифасини бажаришга йўл олаётган ёш ходимларга ўқув машғулотларини муваффақиятли тугатгани ҳақида махсус сертификат топширилди.