Ёлғон хабарларга ишонманг: “Фарҳод” деҳқон бозори ёпилгани йўқ (+видео)
Ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг энг гавжум “Фарҳод” деҳқон бозорида нархлар сунъий оширилгани, картошка умуман йўқлиги, бозор вақтинча ёпилгани тўғрисида хабар тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг энг гавжум “Фарҳод” деҳқон бозорида нархлар сунъий оширилгани, картошка умуман йўқлиги, бозор вақтинча ёпилгани тўғрисида хабар тарқалди.
Бунга аниқлик киритиш мақсадида “Фарҳод” деҳқон бозори” АЖ директори Баҳодир Саидов билан боғландик.
– Бозор ҳар доимгидек бир маромда ишлаб турибди, – деди Б.Саидов. – Фақатгина, картошка масаласида бир оз тақчиллик бўлган эди. Бунга сабаб, баъзи фуқароларимиз “карантинда картошка ошар эмиш” дея қоплаб картошка харид қилганида. Шу боис, маълум муддат картошка етказиб беришда муаммо бўлди. Бугунги кунда бу муаммо бартараф этилиб, аҳоли бемалол харид қилиши учун шароитлар яратилди.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, бозорда карантин тартиб-қоидаларига риоя қилиш кучайтирилган. Учтепа тумани барча сектор раҳбарлари ҳамжиҳатликда бозорда тартиб сақланишини таъминлашни биринчи галдаги вазифа қилиб белгилаган. Айниқса, бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш алоҳида назоратга олинган бўлиб, сектор раҳбарлари буни мунтазам кузатиб бормоқда.
Маълумот ўрнида “Фарҳод” деҳқон бозоридаги кузатишлар натижасида ўртача нарх-наво борасида қуйидагиларни айта оламиз:
Мол гўшти 50 минг, қўй гўшти 60-65 минг сўм. Тухумнинг донаси 650 сўмдан 900 сўмгача, 5 литр ёғ 46-62 минг сўм, картошка 3000 сўм, янги картошка 10 минг сўм, пиёз 3000-3500 сўм, сабзи 1500-3000 сўм, саримсоқ пиёз 50-55 минг сўм (1 боши 3000 сўм), олма 10-22 минг сўм, гуруч 5000-12000 сўмни ташкил этмоқда.
Бозорда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият мураккаблашгани муносабати билан ҳозир дезинфекция ишларини амалга оширилмоқда.
Кузатишлар давомида фуқароларнинг бозорлардаги нарх-навонинг сунъий оширилаётгани хусусидаги фикрлари нотўғри экани, айрим маҳсулотлар нархида бироз ошиш кузатилган холос.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, “Фарҳод” деҳқон бозори ишлаяпти, нарх-наволарда кескин кўтарилиш рўй бергани йўқ.