Яйловлардан самарали фойдаланиш халқимизнинг озиқ-овқатга бўлган талабини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида яйловлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, яйлов хўжалигини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, соҳада бошқарувнинг ихчам ва самарали тизимини жорий этиш, чорвачилик хўжаликларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш мақсадида бир қанча зарурий чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Миллий матбуот марказида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функцияларнинг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига берилгани соҳада ягона вертикал бошқарув тизимини амалга оширишга имкон яратди. Бир неча йиллардан буён Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфида фаолият юритиб келаётган Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ва Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳам эндиликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфида фаолият юритиши белгиланди.
Бундан ташқари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳам жорий этилиб, унга яйлов ерларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, яйлов ерларини ижарага беришни ташкил этиш, шартномавий муносабатларни мониторинг қилиш, қоракўл зотининг генофондини сақлаш каби бир қатор вазифалар юклатилди.
Шунингдек, чорвадорларга катта имтиёзлар ҳам тақдим этилди. Яйловлар 49 йилгача ижарага берилиши, ҳудудий яйлов хўжаликларининг доимий фойдаланишдаги яйлов ер майдонлари солиқ солинадиган базага киритилмаслиги шулар жумласидандир.
Республикамизда яйловлар қишлоқ хўжалик ерларининг энг катта қисмини эгаллайди. Яйловлардан самарали фойдаланиш халқимизнинг озиқ-овқатга бўлган талабини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Яйловларда асосан чорва моллари боқилади. Шу сабабли яйловлар деградациясининг олдини олиш, турли хил ўсимликлар билан бойитиш, ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаб қолиш чорвачилик маҳсулотларини етиштиришнинг асосий омилларидан ҳисобланади. Бу масала олимларнинг зиммасига катта вазифалар ва масъулият юклайди.
[gallery-21743]
Мавжуд яйловларнинг қарийб 20 фоиз қисми тоғ ва тоғ олди яйловлари ҳисобланади. Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл яйлов экинлари уруғчилиги маркази чўл яйловлари билан шуғулланса, Чорвачилик илмий-тадқиқот институти олимлари эса тоғ ва тоғ олди яйловлари билан шуғулланади. Қўмита тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан яйловларни яхшилаш бўйича чорва молларини 4 далали схемада боқиш, яйловларни паст кучланишли электр симлари билан ўралган ҳолда боқиш каби бир қанча илмий ишланмалар ишлаб чиқилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА