Яхшилик ва тинчлик диёри
БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1981 йил Халқаро тинчлик куни таъсис этилган ва 2001 йил 7 сентябрдаги тегишли резолюциясига кўра, 21 сентябрь Халқаро тинчлик куни сифатида ҳар йили нишонланади.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ваколатхонаси билан ҳамкорликда республикамиздаги болаларнинг санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг тасвирий санъатга, бадиий ижодга бўлган қизиқиш ва эътиборини мустаҳкамлаш мақсадида республикамиздаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Яхшилик ва тинчлик диёри” мавзусида болалар расмлари кўргазмасини ташкил этди.

Мазкур кўргазма жорий йилнинг 21-30 сентябрь кунларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами ва 21 сентябрь “Халқаро тинчлик куни”ни муносабати билан Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида ўтказилди.
Кўргазмада фарзандларимиз ўзларининг ижод намуналари билан юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги ҳақидаги тушунчалари ва тасаввурларини расмлар орқали ифодалашга ҳаракат қилганлар.Тадбирда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмуҳамедов, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Мактабгача таълим вазирлиги қошидаги жамоат кенгаши раиси, ШҲТ эксперти Эътибор Султоновалар болалар истеъдодини кашф этиш масаласига Ўзбекистонда катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тадбир доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари томонидан шеърий чиқишлар ва қизиқарли дастурлар намойиш этилди.Кўргазма 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистонда ўтказиладиган саммити олдидан ҳам экспозиция қилинади.

Мазкур тадбир тасвирий ва амалий санъат соҳаси ижодий йўналишида мактабгача таълим муассасаларидан кейинги таълимни ташкил этишда ва самарадорлигини янада оширишга ҳизмат қилади.
Кўргазма 30 сентябргача давом этади.
Н.Усмонова, ЎзА