Яхшилар ёди абадий-боқий...
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда Фарғона вилоятининг Бағдод тумани Ахборот-кутубхона марказида таниқли тележурналист, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Соҳибжон Алижонов хотирасига бағишланган маънавий-ижодий кеча бўлиб ўтди.
Ҳаётда шундай инсонлар борки, гарчи улар орамиздан ўтиб кетса-да, тириклик чоғидаги эзгу амаллари, одамларга қилган унутилмас яхшиликлари, ўз соҳасини улуғлаб, чин профессионал мутахассис сифатида яратган мактаби сабабли элнинг қалбида абадий яшайди.
Таниқли ижодкор, миллий тележурналистикамизда ўз нуфузи, баланд овози ва ёрқин изига эга бўлган Соҳибжон Алижонов ҳам инсонлар қалбида ана шундай ёрқин из қолдирган чин ватанпарвар, самимий ва бетакрор инсон эди.

30 йил муқаддам... 1996 йил 10 октябрь. Шу куни водийдаги “Бағдод” телестудиясида ўз фаолиятини бошлади ва телеканалнинг илк кўрсатуви – “Умидли дунё” дастурини Соҳибжон ака, маҳоратли журналист Озода Тўрақулова билан биргаликда олиб боришди. Бу воқеа кейинчалик республика телерадиоканалларида бош муҳаррир ва раҳбар сифатида танилган Соҳибжон Алижонов ижодий фаолиятининг илк дебочаси бўлди.
Бу ердаги икки йиллик фаолиятидан кейин оиласи билан Тошкент шаҳрига кўчиб келиб, ижодини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида давом эттирди. У турли йилларда “Ёшлар”, “Маҳалла”, “Ўзбекистон-24” телерадиоканалларида, шунингдек, Президент Девонида масъул лавозимларда сермаҳсул меҳнат қилди.
Журналистика соҳасида суяги қотган Соҳибжон ака ўз ижодида жамиятдаги ўткир ва энг долзарб муаммоларни турли жанрларда ёритиб, уларнинг ҳал этилишига амалий ҳиссасини қўшди. Енгил юмори руҳи, сўзнинг залвори, ўқувчи истагини теран англаш – унинг том маънодаги ижодий имзоси эди.
Шу билан бирга, у туғилиб ўсган Бағдод тумани билан алоқаларини ҳеч қачон узмади. Ҳамкасблари ундан пойтахтдаги фаолиятини вилоят телевидениесида давом эттиришини сўраганида, журналист: “Мен пойтахтда ишласам, Бағдодга фойдам кўпроқ тегади”, деб жавоб берган эди.
Бу сўзлар унинг ўз касбига бўлган садоқати ва туғилган юртига чексиз меҳру-муҳаббатини яққол ифодалайди.
Тадбир доирасида тумандаги 65 та мактаб кутубхоналарига муаллифнинг “Бизни қаритолмас йиллар, замонлар” китоби тақдим этилди. Унинг асосида туман мактаблари ўқувчилари ўртасида жорий ўқув йилида “Соҳибжон Алижонов номидаги ижодий танлов” ўтказилиши маълум қилинди. 10 нафар ғолиб ўқувчиларга 1 миллион сўмдан пул мукофотлари Наврўз байрами арафасида республикамиздаги таниқли журналистлар иштирокида тақдим этиладиган бўлди.
– Ушбу хайрли тадбирнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида ўтказилаётганида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам. Сабаби, Соҳибжон ака телевидениеда ишлаган кезлари ўзбек тилининг софлигини сақлаш, талаффузлар тўғрилигини таъминлаш, шевачиликка берилишга йўл қўймаслик борасида жуда талабчан эди, - дейди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар ва журналистлар уюшмаси аъзоси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматов. – Муаллиф бу борадаги қатъий позициясини ўз чиқишларида ифода этар, ижтимоий тармоқлар, сайтлар ва кўча ёзувларидаги имло ҳамда услубий хатоларни жиддий танқид қиларди.

– Отамиз бизнинг нафақат падари бузрукворимиз, балки ҳаёт ибратларини ўргатган биринчи устозимиз ҳам эди, - дейди тележурналист, Соҳибжон аканинг ўғли Азиз Алижонов. – Ўзлари туғилиб, камол топган Бағдод туманига меҳрлари айниқса бўлакча эди. Жуда кўп бор, агар вақтлари бўлса, туман ёшлари учун журналистика мактабини очиш режалари ҳақида менга айтганлар. Бобо ва бувимни кўриш, яқинлари дийдорини туйиш учун об-ҳаво ва вазият қандай бўлишидан қатъи назар ҳар ой бир неча бор туманга келиб-кетардилар. Бугун тадбирда отамиз ҳақида у кишининг ҳаммаслаклари, дўсту қадрдонларидан жуда кўп янги хотиралар ва тафсилотларни эшитиб, қаттиқ тўлқинландим. Келгусида “Бизни қаритолмас йиллар, замонлар” китобини ана шу янги фикрлар билан бойитишга қарор қилдик.
– Туман ахборот-кутубхона марказида отам ўзлари ўқиган 6-умумтаълим мактабининг устоз ва ўқувчилари, тенгдошларини кўриб қалбим нурга тўлди, - дейди муаллифнинг фарзанди, филология бўйича фалсафа доктори Садоқат Соҳибжон қизи. – Оталаримиз биз учун жонини ҳам беришга доим тайёр бўлади, қийинчилик билан пул топиб, ўқитади. Биз ҳам уларнинг хотирасини доим ёд этиш чин фарзандлик бурчимиздир. Мен яқинда Ургут туманида отамнинг устози Абдусаид Кўчимов номидаги кутубхона очилганини эшитиб, биз ҳам маърифат тарқатадиган ана шундай эзгу ишларни қила оламизми, деб савол берган эдим. Бугун отам ўқиган мактабга “Қанот” лойиҳаси ҳомийлигида 100 дона сара бадиий китоблар тақдим этдик. Йил охиригача яна 200 та китоб келтирамиз.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф ва “Қанот” лойиҳасининг ташаббуси билан шу йилнинг 24 октябрь куни Қибрай туманида журналистлар ўртасида “Соҳибжон Алижонов номидаги шахмат турнири”ни ташкил этаяпмиз ва у кишининг порлоқ хотирасини абадийлаштириш ишларини тизимли давом эттириш ниятидамиз.
Дарҳақиқат, теле ва газета журналистлари қисмати оғир. Кўпинча, уларнинг ижодий ишлари экран ва саҳифа юзини кўради ва архивларда қолиб кетади. Шу маънода Соҳибжон Алижоновнинг фарзандлари отаси ижодий ишларини бир тўпламга жамлаб, уни муттасил бойитиб бориш ҳақида қайғураётгани, республикамиз миқёсида турли хотира кечалари, танлов ва турнирлар орқали “иккинчи умр” бахш этаётгани ибратли ҳодисадир.
Лола Жўраева,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси