Яширин иқтисодиёт – тараққиёт кишани
Мамлакатимизда пул-кредит, валюта, солиқ ва ташқи савдо сиёсати соҳаларида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шароитлар яратиш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, экспертларнинг баҳолашлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилаётган сўровлар иқтисодиётдаги яширин айланманинг, айниқса, савдо ва умумий овқатланиш, автотранспортда ташиш, уй-жой қурилиши ва таъмирлаш, турар жой хизматларини кўрсатиш каби соҳаларда юқори даражада сақланиб қолаётганлигидан далолат беради, бу эса виждонли тадбиркорларнинг иқтисодий манфаатларига путур етказмоқда, улар учун тенг бўлмаган бизнес юритиш шартларини юзага келтирмоқда.
Вилоятимизда яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун, шу жумладан, тартибга солиш ва маъмурий юкни камайтириш ҳисобига тенг рақобат шароитларини яратиш, солиқ қонунчилиги талабларига риоя қилиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш ва унинг тартибини соддалаштириш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва солиқ бошқармаси масъулларидан иборат вилоят ҳудудий комиссияси тузилди.

Комиссия томонидан мунтазам равишда жойларда тадбиркорлар фаолиятини қонунийлаштириш, яширин иқтисодиёт шаклланишига олиб келадиган омилларни аниқлаш, уларга таъсирчан чоралар кўриш ишлари йўлга қўйилди.
Биринчи навбатда, чегара ҳудудларидан ноқонуний олиб кирилган товарлар савдосига чек қўйиш ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти юритишни ва даромадларни яширишнинг олдини олишга, шунингдек, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги норасмий меҳнат фаолиятини юритиш каби ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этишга асосий эътиборни қаратяпмиз.
“Солиқчи кўмакчи” тамойили ҳамда “маҳаллабай” ишлаш тизимлари орқали тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар бериш ҳамда яширин иқтисодиёт билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлар билан манзилли ишлар ташкил этилди.
2024 йил давомида вилоятимиздаги 23 та бозор ва 13 та савдо комплексларида ўтказилган хатловларда 2 886 нафар давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритувчи фуқаро аниқланди, улар давлат рўйхатидан ўтказилиб, 675 та назорат касса аппарати ўрнатилди.
Маълумки, сўнгги пайтларда тадбиркорлар томонидан ишчи-хизматчиларга “конверт” усулида иш ҳақи берилиши, белгиланган иш ҳақидан кам ҳисобланиши ёки ишчиларнинг норасмий ишлатилиши, ҳақиқий савдо тушумини ҳисоботлардан яшириш ҳолатлари авж олди.
Ўрганишлар давомида 242 та умумий овқатланиш корхонасида 502 нафар норасмий ишчи-ходим фаолият кўрсатаётганлиги аниқланиб, уларнинг расмий бандлиги таъминланди ҳамда иш ҳақидан даромад солиғига бир ойлик 257 миллион сўм солиқлар ҳисобланди. Ана шу каби ҳолатларга барҳам берилиши натижасида 233 миллиард сўм солиқ тушуми маҳаллий бюджетга келиб тушди.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан жорий йил январь ойида яширин иш ўринларини легаллаштириш мақсадида вилоятда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш корхоналари хатловдан ўтказилганда, 13,5 мингта корхонада 42 мингта иш ўрни ҳисоботларда акс эттирилмаётганлиги аниқланди. Ушбу яширин иш ўринларининг 7,5 мингтаси легаллаштирилди.
Шу йилнинг январь-февраль ойларида Ишчи гуруҳ томонидан яширин иқтисодиётни қисқартириш юзасидан барча шаҳар ва туманларда хатлов ўтказилиши оқибатида қарийб 850 миллиард сўм бюджетга қўшимча манба аниқланди. Барча солиқ инспекцияларига ўрганиш маълумотлари ва таҳлиллар етказиб берилиб, ижрога қаратилмоқда.
Бугунги кунга келиб, ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирган саноат корхоналари истеъмол қилган электр энергиясидан келиб чиқиб, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва бюджет тушуми қайта ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқаришни камайтирган 3 та йирик, 105 та кичик корхона ўрганилганда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кўп электр истеъмол қилгани маълум бўлди. Қайта ҳисоб-китоб натижасида 571,2 миллиард сўм саноат маҳсулотлари ҳажми ва бюджетга 68,5 миллиард сўм қўшимча манба аниқланди.
Ўтган йилнинг биринчи чорагида солиқ тушумлари 19 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг худди шу даврида солиқ тушумлари 125 миллиард сўмга орттириб бажарилди. Бунинг натижасида қўшимча тушум ўтган йилга нисбатан қарийб 7 баробарга кўпайди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар тадбиркорлик субъектларида норасмий ишлаётган 12,4 мингдан ортиқ иш ўринлари легаллаштирилиб, яширин фаолият кўрсатаётган 1,6 мингта тадбиркор расмий секторга қайтарилди. Ушбу тадбиркорларнинг 1 053 та янги иш ўрни яратиши туфайли бу йил солиқ базасидан ўтган банд аҳоли сони 950 минг нафарга етди.
Ҳозир вилоятимиздаги фермер хўжаликлари экин ер майдонларига мутаносиб тарзда ишчиларни ишга қабул қилиш ва уларни легаллаштиришга эътибор қаратяпмиз. Шунингдек, қурилиш йўналишида ҳам норасмий ишлаётганларни расмий секторга ўтказиш чоралари кўрилмоқда.
Аҳамиятли томони шундаки, солиқ тизимининг маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятига қадар туширилиб, “солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тизимининг кенг тарғиб қилиниши тадбиркор бўлиш истагида бўлган фуқароларга ўз вақтида тўғри йўналиш кўрсатилишига замин яратди.
Бир сўз билан айтганда, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашишга кенг жамоатчиликни, оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш, жамиятда яширин иқтисодиётга муросасизлик ҳиссини шакллантириш, легал бизнес юритишнинг нуфузини оширишга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Мирзоҳиджон Убайдуллаев,
Фарғона вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт
ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича
биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи.
ЎзА