Яшилликка бефарқ бўлмаслигимиз керак
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун маблағлар ажратилиши, зарур суғориш тармоқларининг барпо этилиши ва бу ишларга хокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари маъсул эканлиги белгилаб берилди.
Ўз ўрнида айтиш жоизки, халқимиз ўз уй-жойини кўкаламзорлаштиришга, дарахт экиб боғ барпо этишга, тозалик ҳамда ободонлаштиришга азалдан эътибор бериб келган. “Яшил макон” каби лойиҳалар ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар, йўлларимиз бўйларидаги яшил худудларни тоза сақлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишда халқимизнинг ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликни янада кучайтириш ва бирлашиши учун хизмат қилади. Юртимизнинг барча ҳудудларида “Обод ва кўркам маҳаллам” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиб, 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Яшиллик табиатнинг асосини ташкил этади. Табиатнинг барча тириклиги бевосита дарахтларга, уларнинг атмосфера мусаффолигини таъминлашдаги ўрнига боғлиқ.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлган G20 давлатларининг Римда бўлиб ўтган саммитида ҳам асосий мавзу – глобал исиш асоратларига қарши кураш масаласи бўлди. Саммитда ҳам дарахт экиш масаласига асосий урғу берилди. Чунки, яшил ҳудудларни кенгайиши иссиқхона газларини қисқартириш билан бир қаторда, иқлим ўзгаришларига таъсирни камайишига ҳам хизмат қилади. Ўрмонларнинг кенгайтирилиши нафақат атмосферада кислород манбаи, балки ортиқча антропоген СО2 билан курашишнинг энг кучли восита сифатида ҳам кўриб чиқилган. Албатта, бунинг учун кўплаб дарахтлар бўлиши керак. Бу ҳақда дунё олимлари томонидан дарахт экиш муаммога ечим бўлиши айтилмоқда. Мана шундай пайтда оммавий кўчат экишдек хайрли ишнинг мамлакатимиз тарихида илк марта кузги мавсумда бошланишида ҳам катта маъно бор. Асосийси, кузда экилган кўчатларнинг ерга ўрнатиб, илдиз отиши ва ривожланиб кетиши юқори бўлади.
Халқимизда яхши анъаналар мавжуд. Ота-боболаримиз ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишни ўргатишган. Набираларга ёшликдан ниҳол экиш, уни парваришлаш баробарида дарахтларнинг она табиатга фойдаси ҳамда қурилиш ва ҳунармандчилик соҳаларида хом ашё сифатида ҳам фойдаланилишини тушунтириб келганлар. Дарахт экиш, айниқса мевали дарахтларни экиш савоб эканлиги, унинг мевасидан баҳраманд бўлганларнинг дуоси албатта ижобат бўлишини уқтириб келганлар.
Бир сўз билан айтганда, соҳада белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси яшил ҳудудларнинг кенгайишига, иссиқхона газларининг қисқаришига, иқлим ўзгаришларининг олдини олишга хизмат қилади.
Мухторжон ҲОЖИМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати