Яшил майдондаги дўстона баҳс
Наманган шаҳрида “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ташаббуси билан мини-футбол бўйича филиал кубоги мусобақаси ўтказилди. Мазкур мусобақада филиал ҳамда унинг шаҳар, туман газ бўлимлари ишчи-ходимлари ҳамда филиал раҳбарига бириктирилган Уйчи тумани ёшлар жамоаси иштирок этди.
Беллашувлар давомида жамоалар ғалаба учун астойдил кураш олиб борар экан, майдонда спортга хос шижоат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва жамоавий бирдамлик яққол намоён бўлди. Муросасиз кечган учрашувларнинг якунловчи ҳал қилувчи финал ўйинида 5:4 ҳисобида зафар қучган Уйчи тумани ёшлар жамоаси ғолиб чиқиб, кубокни қўлга киритди. Фахрли иккинчи ўринни “Янги Наманган тумангаз” газ таъминоти бўлими жамоаси эгаллади.
Учинчи поғонага эса, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали жамоаси кўтарилди. Улар соврин йўлида чортоқлик ҳамкасбларини 10:2 ҳисобида таслим этишди.

Мусобақанинг барча ғолиб-совриндор жамоалари ҳамда фаол ўйинчилари филиал раҳбарияти ва бошланғич касаба уюшмаси томонидан тантанали равишда муносиб тақдирланди.
– Бундай спорт тадбирлари нафақат соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, балки, жамоа аъзолари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, эртамиз эгаларини янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилади, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали бошланғич касаба уюшмаси раиси Абдулбосит Собиров.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА