“Яшил макон” лойиҳаси – амалда
Оқолтинга Фарғонадан 15 минг туп дарахт кўчати олиб келинди.
Сирдарё вилояти Оқолтин туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида ҳудудларга манзарали, мевали дарахт, бута ва тут кўчатларини экиш, талаб этиладиган кўчатларни белгиланган тартибда етказиб бериш ишлари йўлга қўйилди.

Ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда каштан, катальпа, шумтол, қайрағоч, павлония, терак, чинор, тут, жийда ва бошқа дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, “Долзарб 40 кунлик” эълон қилингандан буён тумандаги ташкилот-корхона ва муассасалар, фермер хўжаликлари дала майдонлари четига ва аҳоли хонадонларига юз минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Шунингдек, кўчат етиштириш борасида илғор тажрибага эга бўлган Фарғона вилоятидан 15 минг тупдан зиёд дарахт кўчати олиб келиниб, ҳудудларга тарқатилди.
*****
Янгиерда “долзарб 40 кунлик” авжида

Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.
Айни чоғда боғлар, кўчалар ва йўл ёқаларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк бериши баробарида, ҳаво мусаффолигини таъминлаб, дастурхонимизни ширин-шарбат мевалар билан тўлдиради.
Шу кунларда юртимиздаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналар ходимлари томонидан худудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Ушбу «Долзарб 40 кунлик”да Сирдарё вилояти Янгиер тумани аҳолиси ҳам барчага ибрат бўлиб, шаҳар ҳокимидан тортиб, маҳалла фуқароларигача фаол иштирок этмоқда. Улар ўз яшаш ҳудудларига мевали, манзарали дарахтлар ва гул кўчатларини ўтқазиб, парваришлаш ишларини йўлга қўйди.
– Шаҳримизнинг ҳар бир фуқароси биттадан кўчат экканда шаҳримиз қиёфаси янада кўркам ва гўзал бўлади, – дейди Янгиер шаҳар ҳокими Элёр Хўжаев. – Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад, халқимизга хос эзгу фазилатларни қадрлаш, эзгуликни ёшлар қалбига сингдириш, қишлоқ ва шаҳарлар, маҳаллаларни кўркам кўринишга келтиришдан иборат.
Ш.Суяров,
Ф.Тошматов (сурат), ЎзА