«Яшил» давлат харидлари бўйича Франция билан ҳамкорлик кенгаймоқда
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида «Expertise France» ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (AFD) вакиллари иштирокида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда «яшил» давлат харидлари тизимини ривожлантириш, бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Агентлик ва «Expertise France» ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда электрон давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш, «яшил» давлат харидларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш, давлат буюртмачилари ва етказиб берувчиларнинг салоҳиятини ошириш, шунингдек, халқаро тажрибани миллий давлат харидлари тизимига татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар «яшил» давлат харидлари соҳасида институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рақамли ечимларни кенгайтириш ҳамда давлат харидлари жараёнининг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган қатор ташаббусларни ҳам кўриб чиқди.
Шунингдек, учрашув давомида Агентлик ва «Expertise France» ўртасидаги 10 ойлик қўшма иш режасининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Унга мувофиқ, «яшил» давлат харидларини босқичма-босқич жорий этиш, устувор маҳсулотлар бўйича пилот тендерларни ташкил қилиш, электрон давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш, электрон етказиб берувчиларни баҳолаш механизмларини ривожлантириш, давлат буюртмачилари ҳамда етказиб берувчиларнинг малакасини ошириш, шунингдек, илғор халқаро тажрибани миллий тизимга жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Қайд этилганидек, мазкур иш режаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 февралдаги қарори билан Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги зиммасига юклатилган вазифаларни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар белгиланган вазифаларни ҳамкорликда амалга ошириш, «яшил» давлат харидлари тизимини ривожлантириш борасидаги ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттириш юзасидан келишувга эришди.
«Яшил» давлат харидлари тизимини жорий этиш давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, экологик барқарор маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни ошириш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ҳамда мамлакатда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА