“Яшил белбоғлар”да аномал иссиқ тафти юмшатилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “афғон шамоли” таъсирини камайтириш учун воҳанинг Ангор ва Термиз туманида “яшил белбоғ”лар ташкил этилди.
Яшил бойликларни ёз чилласидаги аномал иссиқдан сақлаб қолиш учун иҳота дарахтзорларини суғоришга алоҳида эътибор берилмоқда. Айни пайтда Ангор туманининг М39 халқаро магистраль автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар ер майдонида 261 минг туп ва “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар ерда вилоятдаги 6 та давлат ўрмон хўжалиги 270 минг туп, Термиз тумани “Каттақум” даҳасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан 82 гектар ер майдонида 218 минг туп мевали ва манзарали дарахт, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 31 гектар ер майдонда 12,7 минг туп “элдор” қарағай кўчати кўкка бўй чўзмоқда.

Сурхондарёликлар “афғон шамоли” таъсиридан азият чекиб келади. Шунингдек, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва дарахт иҳотазорларининг камайиб кетгани шамол эрозиясини юзага келтириб, одамлар саломатлиги ва тупроқ унумдорлигига салбий таъсир этмоқда.

– Кутилмаганда юз берадиган чанг тўзонлари аллергология соҳасида учрайдиган касалликлар, жумладан, аллергеклинит, бронхиал астма, паленоз каби касалликларга бевосита таъсир этади, – дейди Сурхондарё тиббиёт кластери аллерголог шифокори Файзулло Турдиев. – Вилоятда тез-тез кузатиладиган “афғон шамоли” ва бошқа чангли шамоллар бу касалликларнинг хуруж даврини тезлаштиради. Касаллик нисбатан ёшаряпти. Яъни, кичик ёшдаги болаларда ҳам бронхиал астма кузатилмоқда. Кексаларда бу касалликларнинг фоизи ўсмоқда.

Вилоятда бу ҳолатнинг олдини олиб, экологик вазиятни барқарорлаштиришга давлат даражасида эътибор қаратилгани ва илмий асосда ёндашилаётгани чанг бўронлари таъсирини камайтириб, бу турдаги касалликларнинг чекиниши ва тупроқ кўчишининг олдини олиб, ерларни эрозиядан сақлашга хизмат қилади. Теварак-атрофнинг аниқ режа ва мақсад асосида кўкаламзорлаштирилаётгани иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон” вазифасини ўтайди. Тупроқни кўчишдан асрайди. Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилайди.

– Жорий йил яратилган “яшил белбоғлар”ни ўз вақтида суғориб, парваришлашнинг аниқ ҳисоб-китоби олинган, – дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов. – Оқова сув етиб бормайдиган ҳудудларда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиб, сув қудуғи қазилган. Трансформатор ўрнатилиб, электр энергияси билан таъминланган. Ҳар бири 50 минг куб сиғимга эга тўртта сув ҳавзаси қурилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Кўчатларни ёзнинг жазирама иссиғидан беталафот сақлаб қолиш учун ўз вақтида суғорилиб, парваришланмоқда. Бунинг учун ҳар бир ҳудудга масъул ишчилар бириктирилиб, уларга етарли шароит яратилган.

“Яшил белбоғлар”га ҳудудларнинг иқлим шароитига мос “элдор” қарағай, “виргин” арча, туя, тут, катальпа сингари манзарали дарахт кўчатлари экилган. Уларни ёз чилласида суғориш ва парваришлаш малакали мутахассислар билан бамаслаҳат ҳолда олиб бориляпти. Бу ёндашув яшил бойликларнинг аномал иссиқ шароитда ҳам униб-ўсиши ва келажакда шамол тезлигини камайтириб, тупроқни кўчишдан сақлаш ҳамда махсус ҳимоя чизиғи вазифасини бажаришга қулай муҳит яратмоқда. Мониторинг тизими кучайтирилиб, экологик ўзгаришларни баҳолашда давлат космик мониторинги маълумотларидан фаол фойдаланиш йўлга қўйилаётир. Эрозияга қарши курашиш учун ерларни қайта ишлашнинг замонавий ва тежамкор агротехник усулларини жорий этишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Зеро, йирик маблағ ва меҳнат эвазига барпо этилган ҳимоя чизиқларидаги кўчатларнинг ёз чилласида кўкка бир текис бўй чўзаётгани инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ўз самараларини бераётгани ва одамларнинг янада обод, фаровон ҳаётга ишонч туйғусини мустаҳкамлаётганини кенг намоён этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири