Яримўтказгичлар ва микроэлектроника соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Тошкент шаҳридаги "Central Asia University"да "Яримўтказгичлар физикаси ва унинг қўлланилиши: Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.
Унда маҳаллий ва хорижий олимлар, жумладан, 55 нафар хорижий олим ва мутахассис ҳамда Ўзбекистондан қарийб 100 нафар олим иштирок этмоқда. 1 октябрга қадар давом этадиган тадбир яримўтказгичлар физикаси, микроэлектроника ва замонавий технологияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган.
Конференция Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон физиклар кенгаши, Осиё тараққиёт банки ҳамда халқаро ҳамкорлар кўмагида ташкил этилган.
Биринчи кунги муҳокамаларда микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш, интеграл микросхемаларни лойиҳалаш, замонавий технологик ечимларни жорий этиш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, яримўтказгичлар соҳасида илмий-тадқиқот ва муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш, юқори технологияли кадрлар тайёрлаш, фан ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро илмий алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Анжуман бугун ўз ишини давом эттирмоқда. Унда яримўтказгичлар физикаси, микроэлектроника ва замонавий технологик ечимларга оид долзарб масалалар, шунингдек, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА