Япониялик тадбиркор билан учрашув
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Япониянинг "AOIKAI Medical Corporation" корпорацияси вице-президенти Тамаи Хироши билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов ва мутасаддилар музакоралар олдидан меҳмонни юртимизга ташрифи билан самимий қутлади.

Ўзаро мулоқотда Тошкент ва Токио шаҳарлари ўртасида дўстона ҳамкорлик ўрнатилганлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Нагоя мэрияси ўртасида шериклик тўғрисида битим имзоланганлиги, шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида кунчиқар мамлакатга ташрифидаги мулоқот ва музокаралар доирасида пойтахтимизда Нагоя юқори технологиялар паркини ташкил этиш, японияликлар билан ҳамкорликда иқтисодиёт, саноат, транспорт, таълим, туризм ва бошқа устувор йўналишларда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганлиги қайд этилди.
"AOIKAI Medical Corporation" Япониядаги нуфузли корпорация бўлиб, тиббиёт йўналишида узоқ йиллардан бери фаолият олиб боради. Тамаи Хироши самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, хусусан, Тошкентда ваколатхона очиш, шунингдек, бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш режаси борлигини маълум қилди.

Ш.Раҳмонов меҳмонга Япония мамлакатимизга ишончли ҳамкорлиги, ушбу давлат билан ишлаш шарафли эканлигини, доим ҳамкорликка тайёрлигини, япониялик тадбиркоркорлар учун шаҳар ҳокимлиги ҳар томонлама ёрдам беришга шайлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

Н.Усмонова, ЎзА