Япония тажрибаси: Инсон ресурслари менежменти орқали бошқарув самарадорлиги оширилади
Япония пойтахти Токио шаҳрида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан "Давлат бошқарувида инсон ресурслари менежменти" мавзусида халқаро ўқув-амалий дастур – Билим яратиш ҳамкорлиги дастури ташкил этилди.
Унда дунёнинг 14 мамлакатидан давлат хизматчилари, жумладан, Ўзбекистон Бошқарув самарадорлиги агентлиги вакили иштирок этиб, давлат хизматида кадрларни танлаш, баҳолаш, мукофотлаш ҳамда малака ошириш тизимларини такомиллаштириш бўйича Япония тажрибасини ўрганди.
Дастурдан Япониянинг давлат хизмати тизими ва унинг тарихий эволюцияси, Миллий кадрлар бошқармаси (NPA) фаолияти ва унинг мустақил мақоми, давлат хизматчиларини танлаш ва ишга қабул қилиш механизмлари, иш фаолиятини баҳолаш тизими, меҳнат шароитлари ва ижтимоий таъминот, давлат хизмати одоб-ахлоқ кодекси ҳамда интизомий жавобгарлик тизими, шунингдек малакали кадрларни сақлаб қолиш бўйича замонавий ёндашувлар каби долзарб масалалар ўрин олди.

Сидзуока префектурасидаги Фудзи шаҳар ҳокимлигида муҳандис-техник ходимларни босқичма-босқич ривожлантириш тизими, "Cybozu Inc" компаниясида мослашувчан меҳнат сиёсати орқали амалга оширилган ислоҳотлар билан бевосита танишилди.
Бу каби халқаро дастурлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш учун муҳим тажриба майдони бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА