Япония нега Ўзбекистонга ишонади?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Япония муносабатлари сифат жиҳатдан стратегик мазмун касб этмоқда. Жаҳон иқтисодиётида юқори технологиялар, инновациялар ва инсон капиталига таянилган ривожланиш тенденциялари кучайиб бораётган бир пайтда, Токио учун Марказий Осиёда барқарор, очиқ ва модернизацияга интилган шерик сифатида Ўзбекистоннинг аҳамияти сезиларли равишда ошди, дейиш мумкин.
Экспертлар фикрича, бу шериклик нафақат иқтисодий манфаатлар, балки минтақавий хавфсизлик, энергия хатарларини камайтириш ва стратегик барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим ҳисобланади.
ЎзА мухбири инвестиция ва технология трансферидаги янги устувор йўналишлар, нега кунчиқар юрт Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор сифатида баҳолаши, шунингдек, икки томонлама муносабатларда кўзга ташланаётган сифат ўзгаришлари хусусида сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев билан қисқа суҳбат уюштирди.

– Айтингчи, Ўзбекистон – Япония муносабатларида сўнгги йилларда энг катта сифат ўзгариши нималарда кузатилмоқда?
– Биласизми, охирги йилларда Тошкент ва Токио алоқаларида энг катта ўзгариш — ҳамкорликнинг донорлик моделидан стратегик шериклик даражасига кўтарилганида намоён бўлмоқда. Агар 1990-2000 йилларда Япония асосан расмий тараққиёт ёрдами (ODA) орқали иштирок этган бўлса, бугунги кунда у иқтисодий, технологик ва институционал шерик сифатида майдонга чиқмоқда.
Фақат ODA доирасида Япония 1993 йилдан буён Ўзбекистонга 6 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирган. Бироқ охирги 7–8 йилда асосий урғу хусусий инвестициялар, қўшма лойиҳалар ва технология трансферига қаратилди. Бугун ўлкамизда 50 дан зиёд япон компаниялари ва қўшма корхоналар фаолият юритмоқда, уларнинг катта қисми 2017 йилдан кейин кириб келгани ҳам тенденциянинг янги йўналишини кўрсатади.
Натижада муносабатлар “ёрдам берувчи — ёрдам олувчи” схемасидан чиқиб, ўзаро манфаат ва ишончга асосланган ҳақиқий шериклик босқичига кўтарилди. Бу эса икки давлат алоқаларини сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқди.
– Япония Ўзбекистонни Марказий Осиёда қандай стратегик ҳамкор сифатида кўрмоқда?
– Бугун Япония учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги оддий шерик эмас, балки асосий таянч давлат сифатида кўрилади. Минтақада барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлашда расмий Тошкентнинг роли катта эканини Токио яхши англайди. Бу қараш тасодифий эмас: аҳоли сони, иқтисодий салоҳият, географик жойлашув ва очиқ ташқи сиёсат — барчаси Янги Ўзбекистонни минтақада алоҳида ўринга қўяди.
Япония учун Ўзбекистон – Марказий Осиё бозорларига асосий йўл, логистик ва иқтисодий кўприк, десак янглишмаймиз. Токио Ўзбекистон орқали ўзининг маданий ва иқтисодий дипломатиясини ҳамда технологиявий иштирокини мустаҳкамламоқда. Шу жиҳатдан, диёримиз Япония учун фақат икки томонлама муносабатларда эмас, балки бутун Марказий Осиё сиёсатида марказий нуқтага айланган.
– Инвестиция ва технология трансферида қайси соҳалар устувор ҳисобланади?
– Япония компаниялари қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлигини ошириш ва саноатда углерод чиқиндиларини камайтиришга қаратилган лойиҳаларга катта қизиқиш билдирмоқда. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг 2030 йилгача “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси билан уйғунликда амалга оширилмоқда.
Қайд этиш жоиз, Тошкент халқаро аэропорти модернизацияси, шаҳар транспорти ва логистика тизимларини такомиллаштиришда япон технологиялари муҳим ўрин эгаллайди. Айрим йирик инфратузилма лойиҳаларида инвестиция ҳажми 100–200 миллион доллар атрофида баҳоланмоқда. Қолаверса, автомобиль саноати, кимё ва фармацевтика соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эътиборлиси, япон компаниялари рақамлаштириш, электрон бошқарув тизимлари ва стартап экотизимини ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда.
– Қисқа, лекин мазмунли суҳбат учун ташаккур!
– Раҳмат.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди,
ЎзА