Япония компанияси ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиларига қизиқиш билдирмоқда
“Willer Express” – Япония туристик ва йўловчи транспорт бозоридаги энг илғор автобус оператори саналади. Компания мамлакатнинг шимолидан жанубигача бўлган кенг ҳудудни қамраб олган.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, Япониянинг халқаро кадрларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича етакчи компанияларидан бири “Onodera User Run” ушбу ташкилотни Ўзбекистон бозорига олиб кирмоқда.
Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, “Willer Express” раҳбари Ҳираяма Кожи ва “Onodera User Run” компанияси вакили Кото Жун ўртасида имзоланган уч томонлама келишувга кўра, Ўзбекистонда “Willer Express” учун автобус ҳайдовчиларини тайёрлаш ва кун чиқар мамлакатда юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш йўлга қўйилади.
Бунинг учун Тошкент шаҳрида замонавий ўқув полигони барпо этилади. Амалиёт жараёнлари учун Япониядан ўнг бошқарувли автобуслар олиб келинади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА