Япония фан ва технологиялар агентлиги вакиллари билан учрашув
Оролбўйи халқаро инновация марказида Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) делегацияси ҳамда Япония университетларининг етакчи олимлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташриф Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш учун инновацион ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган SATREPS-2020 халқаро илмий-тадқиқот дастурининг якуний баҳолаш миссияси доирасида бўлиб ўтди.
Учрашув давомида хорижий ҳамкорлар Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти, унинг замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмаси, тажриба майдонлари ва “Оролбўйи минтақасида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва шўрланишнинг қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва аҳоли турмуш даражасига таъсирини мониторинг қилиш ва бошқаришнинг инновацион иқлимга чидамли технологияларини ишлаб чиқиш” халқаро лойиҳасини амалга ошириш доирасида эришилган асосий натижалар билан танишдилар.

Ташриф давомида қўшма тадқиқотларнинг амалий натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Делегация аъзоларига сув ресурслари ва тупроқ шўрланишини мониторинг қилишнинг замонавий технологиялари, метеорологик ва экологик кузатувлар тармоғининг фаолияти, геоахборот тизимларини (GIS) қўллаш, Ерни масофадан зондлаш, шунингдек, Оролбўйи шароитида жорий этилаётган иқлим ва агроэкологик жараёнларни таҳлил қилишнинг инновацион усуллари тақдим этилди.

Учрашувнинг асосий босқичларидан бири Ўзбекистон ва Япония олимлари томонидан 2025 йилда Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳудудида олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари тақдимоти бўлди. Иштирокчилар, шунингдек, 2026 йилда амалга оширилган тадқиқотларнинг оралиқ натижаларини кўриб чиқдилар. Эришилган натижаларнинг самарадорлигини муҳокама қилдилар ва лойиҳа якунлангунга қадар уни амалга оширишнинг кейинги йўналишларини белгилаб олдилар.
Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST) вакиллари Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий ҳамкорлик даражасини юқори баҳолаб, тадқиқот жамоаларининг касбий маҳорати, олинган илмий натижаларнинг амалий аҳамияти ҳамда Оролбўйи минтақасининг экологик ва аграр муаммоларини ҳал қилишда замонавий технологияларнинг муваффақиятли жорий этилаётганини таъкидладилар. САТРЕПС-2020 дастури якунлангандан сўнг лойиҳа натижаларининг барқарорлигини таъминлаш ва уларни келгусида амалда қўллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот доирасида томонлар икки томонлама илмий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотларни кенгайтириш, янги халқаро лойиҳаларни тайёрлаш ва долзарб экологик муаммоларни ҳал қилиш учун замонавий технологияларни жалб қилиш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири