Янгиободда йиллар давомида кутилган ўзгаришлар
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Янгиобод маҳалласида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Обод маҳалла, аввало, одамларнинг кундалик ҳаётидаги қулайликлар, йиллар давомида ечимини кутаётган муаммоларнинг бартараф этилиши билан қадрли.
Ичимлик суви, барқарор электр таъминоти, равон йўллар ва замонавий мактаб – муносиб турмушнинг муҳим шартлари. Ғузор туманидаги Янгиобод маҳалласида бугун ана шу эҳтиёжларни қондиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 28 мартдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокида “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида қарийб 7 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд инфратузилмаси янгиланмоқда.
Янгиободликлар учун энг муҳим янгиликлардан бири ичимлик суви муаммосининг ҳал этилаётганидир. Маҳаллада янги сув тармоқларини барпо этиш учун 5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Маҳалла фахрийси Рустам Раҳмонов бу ерда 50 йилдан буён яшайди. Унинг айтишича, шу вақт давомида аҳоли сувни махсус қудуқларга тўплаб, кундалик эҳтиёжлари учун фойдаланиб келган.
– Ярим асрки, маҳалламизга ичимлик суви келишини кутдик. Бир неча бор мурожаат қилдик, мутахассислар келиб, катта маблағ кераклигини айтиб кетишган. Кейинчалик умидимиз ҳам сўна бошлаган эди. Энди эса сув тармоқлари тортилаётганини кўриб, бир умрлик орзумиз амалга ошаётганидан қувоняпмиз. Энг муҳими, бу шароитлардан фарзандларимиз ва набираларимиз ҳам фойдаланади, – дейди у.

Дарҳақиқат, ичимлик суви таъминотининг яхшиланиши нафақат кундалик эҳтиёжни қондириш, балки хонадонлардаги ташвишларни камайтириш ва аҳоли турмуш сифатини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Маҳаллада электр таъминоти барқарорлигини ошириш учун 5,8 миллиард сўмлик ишлар режалаштирилган. Лойиҳа доирасида янги трансформаторлар ўрнатилиб, 890 та бетон электр устуни янгиланади ва 35,5 километр электр узатиш тармоқлари тортилади.
– Бу ишлар мавжуд инфратузилмани замонавий талабларга мослаштириш ва аҳолини электр энергияси билан янада ишончли таъминлашга хизмат қилади, – дейди маҳалла раиси Улуғбек Йўлдошов.

Электр тармоқларининг янгиланиши, айниқса, об-ҳаво ноқулай келадиган мавсумларда муҳим. Зеро, барқарор электр таъминоти хонадонлар билан бирга таълим ва тадбиркорлик фаолияти учун ҳам зарур.
Йиллар давомида ечимини кутаётган яна бир масала – ички йўллар ҳолати. Маҳалладаги тўртта қишлоқда ҳам илгари асфальт йўллар бўлмаган. Аҳоли айрим жойларни ҳашар йўли билан тартибга келтиришга уринган, бироқ бу вақтинчалик ечим бўлиб қолган.
– Тўртта қишлоғимизда ҳам бирор марта асфальт йўл бўлмаган. Бу йил деярли барча ички йўллар таъмирланишини эшитиб, жуда хурсандмиз. Йўл соз бўлса, одамларнинг машаққати камаяди, – дейди маҳалла нуронийси Ҳасан Ражабов.

Лойиҳа доирасида 14 километр ички йўлни асфальтлаш учун 9,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, 350 миллион сўмлик бир километр замонавий пиёдалар йўлакчаси барпо этилади.
Бу ишлар транспорт қатновини яхшилаш, аҳолининг ҳаракатланишини енгиллаштириш ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Янгиободда ёшлар учун ҳам янги имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Хусусан, 330 ўринли замонавий мактаб ва спорт мажмуасини барпо этиш режалаштирилган. Ҳозирда мактаб бўйича лойиҳа ҳужжатлари шакллантирилмоқда.

Янги таълим маскани ёшларнинг сифатли билим олиши, қобилиятини намоён этиши ва спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиши кутилмоқда.
– Ёшлигимиздаги шароит билан бугунги кунни солиштириб бўлмайди. Фарзандларимиз, набираларимиз яхши шароитда яшашини истаймиз. Маҳалламизга сув келиши, йўлларнинг асфальтланиши, электр тармоқларининг янгиланиши, янги мактаб қурилиши, буларнинг барчаси биз учун катта воқеа. Энг муҳими, бу ишлар келажак учун қилинмоқда, – дейди Ҳасан Ражабов.
Маҳалладаги ўзгаришлар инфратузилмани яхшилаш билан бирга аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ишлар билан ҳам уйғунлашмоқда.
Маҳалла ҳоким ёрдамчиси Санжар Ғайбуллаевнинг маълум қилишича, ҳудудда камбағаллик даражаси 2,7 фоизга тушган.

Умуман, Янгиободда ичимлик суви таъминоти учун 5 миллиард сўм, электр тармоқларини янгилашга 5,8 миллиард сўм, ички йўлларни асфальтлашга 9,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Бундан ташқари, пиёдалар йўлакчаси ва 330 ўринли мактаб қурилиши режалаштирилган.
Ушбу лойиҳаларнинг аҳамияти шундаки, улар аҳолининг бир-бири билан узвий боғлиқ эҳтиёжларини қамраб олган. Сув таъминоти яхшиланса, хонадонлардаги ташвиш камаяди, электр тармоқлари янгиланса, кундалик ҳаёт ва тадбиркорлик учун қулайлик ортади, йўллар равонлашса, ҳаракатланиш осонлашади. Янги мактаб эса ёшлар келажаги учун муҳим қадам бўлади.
Энг асосийси, йиллар давомида оддий орзу бўлиб келган эҳтиёжлар бугун аниқ лойиҳаларга айланмоқда. Зеро, маҳалла ободлиги фақат янги иншоотлар ёки асфальт йўллар билан эмас, балки одамларнинг ҳаёти қанчалик енгиллашгани ва эртанги кунга ишончи билан ҳам белгиланади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири