Янгиободда интенсив узумзор барпо этилмоқда
Жорий йилнинг якунига қадар 540 гектар майдонда ток кўчатлари экиш режалаштирилган.
Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги Қўшқанд қишлоғи ҳудудида “Yangiobod Grape Garden Agroklaster” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 минг 134,8 гектар лалми ер майдонида янги интенсив узумзор барпо этилмоқда.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, умумий қиймати 33 миллиард сўм бўлган лойиҳани 16 миллиард сўм жамиятнинг ўз маблағи, 10 миллиард сўм банк кредити ҳамда 7 миллиард сўм республика узумчилик ва виночиликни ривожлантириш жамғармаси субсидияси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган.
Жорий йилнинг якунига қадар 540 гектар майдонда ток кўчатлари экиш режалаштирилган. Ҳозиргача жамият кучи билан 285 гектар майдонга кишмишбоп ток кўчатлари экилиб, уларни парваришлаш ишлари бошланди.

Барпо этилаётган мазкур узумзорларни узлуксиз сув таъминоти билан таъминлаш мақсадида 30 та артезиан қудуқлари қазилиб, замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади.
Йилига 20 минг тонна узум етиштириш қувватига эга бўлган лойиҳа бўйича 200 та доимий ҳамда 400 та мавсумий иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳа доирасида сиғими 1000 тонна бўлган замонавий музлаткичли омборхона, шунингдек, қуввати 1000 тоннага мўлжалланган замонавий майиз тайёрлаш ва қадоқлаш корхонаси бунёд этилиши режалаштирилган.
Албатта, амалга оширилаётган бу каби тадбирлар халқимиз тўкинлиги ва юртимиз ривожи йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Ҳозирда ушбу лойиҳани амалга оширишдаги барча ишлар карантин қоидаларига мувофиқ олиб борилмоқда.