Янгиликлар чекка худудларда ҳам ўзини оқлаяптими?
Маълумки, сўнгги йилларда халқ таълими, хусусан малака ошириш тизими янгича форматда ташкил этилмоқда.
Мактаб директорлари, фан ўқитувчилари босқичма-босқич узлуксиз касбий ривожлантириш тизимига трансформация қилинмоқда. А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан ишга туширилган “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали малака ошириш йўлга қўйилди. Эндиликда республикамиз бўйлаб халқ таълими ходимлари мазкур электрон платформа орқали ўз малакасини оширяпти.
Хўш, мазкур электрон платформа малака ошираётган педагог ходимларга маъқул келаяптими? Улар бу тизим қулайлиги ва имкониятларидан тўлақонли фойдалана олаяптиларми?
А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Раджиевнинг ҳудудларга режалаштирилган навбатдаги хизмат сафари мана шу масалаларга қаратилди. Аюбхон Раджиев масъул ходимлар билан Самарқанд вилояти малака ошириш ҳудудий марказида бўлди. Марказ профессор-ўқитувчилари, умумтаълим мактабларнинг педагог ходимлари иштирокида "Узлуксиз касбий таълим" платформаси бўйича семинар олиб борди.

Янги узлуксиз касбий ривожлантириш тизимига ўтиш, электрон платформа орқали узлуксиз малака оширишни ташкил этишдаги долзарб масалалар бўйича маълумотлар берди.
Шунингдек, узлуксиз касбий таълим махсус электрон платформасидан рўйхатдан ўтиш ва ундаги курслар тўғрисида, платформанинг имкониятлари ҳамда бунда малака оширишнинг афзалликлари тўғрисида тўхталиб ўтди.
Учрашув сўнгида Узлуксиз касбий таълим электрон платформаси орқали малака оширган педагог-ходимлар билан суҳбатлашиб, мазкур платформа тўғрисидаги фикрлари билан қизиқди. Таклифлар олинди ва керакли тавсиялар берилди.
Мазкур соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг фикрича, бу борадаги янгиликлар, малака оширишга янгича ёндашув тизимда фаолият юритаётган раҳбар ва педагоглар учун маъқул бўлмоқда.
Б.Мелиқулова, ЎзА