Янгиланиш шиддати янги ижодий ташаббусларга имкон бермоқда
Қарор ва ижро
Мамлакатимизда санъатнинг барча йўналишлари каби опера ва балет равнақи йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 27 декабрда қабул қилган “Опера ва балет санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри фаолиятини такомиллаштириш, миллий опера ва балетимизни кенг тарғиб этиш, унинг жаҳон санъат оламида тутган ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлашда янги истиқболларни очиб берди.

Мазкур театр директори, Ўзбекистон халқ артисти, бир қатор халқаро танлов ва фестиваллар совриндори Рамиз Усмонов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
– Рамиз Бекназарович, давлатимиз раҳбарининг театр фаолиятига оид қарори сиз раҳбарлик қилаётган ижодий жамоа фаолиятига қандай таъсир кўрсатди?
– Мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг ўтган қисқа вақт мобайнида театримизда катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Ижодий жамоа фаолиятини янада яхшилаш, юксалтириш, спектаклларимизни, умуман, опера ва балет санъатимизни жаҳонга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар яратилди. Қарорда кўзда тутилган Янги Ўзбекистонни барпо этишда опера ва балетнинг нуфузини ошириш, уни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш, классик асарларидан халқимизни баҳраманд этиш, аҳоли, айниқса, олис ҳудудлардаги фуқароларнинг маданий ҳордиқ чиқаришини қўллаб-қувватлаш, миллий опера ва балет санъатини кенг оммалаштириш, ижодий мактабларни ҳар томонлама ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, театрлар ва таълим муассасалари узвий ҳамкорлигини таъминлаш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда.
– Қарор театрнинг чет элларга ижодий сафарларга бемалол чиқиши учун кенг имкониятлар яратгани билан ҳам аҳамиятли бўлди, шундай эмасми?
– Дарҳақиқат, мазкур қарор чиққанидан сўнг театрнинг биринчи гастроль сафари Корея Республикасига бўлди. Энг сара спектаклларимиз намойиши давомида кореяликлар Ўзбекистонда маданият ва санъат, айниқса опера ва балет санъати равнақи мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори ва ғамхўрлиги остида эканига гувоҳ бўлдилар.
– Иш жараёнида кўпроқ нималарга эътибор қаратяпсиз?
– Ёш кадрларни топиш, уларни тобора кўпроқ театримизга жалб этиш, миллий асарларни саҳналаштиришга катта эътибор қаратмоқдамиз. Бу борадаги ютуқларимиз Озарбайжоннинг Боку шаҳрига қилинган ижодий сафаримизда алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори Анвар Эргашевнинг мусиқий раҳбар ва дирижёрлигида “Ҳумо” балети ҳамда итальян композитори Жузеппе Вердининг “Риголетто” операси озарбайжонлик санъат ихлосмандларига ҳавола этилди. Айни пайтда Озарбайжон маданият вазирлиги мутасаддилари билан биргаликда ҳамкорликнинг янги қирралари белгилаб олинди. Шунингдек, Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳридаги ижодий сафарларимиз ҳам муваффақиятли кечди.
– Сўнгги пайтларда қандай янги спектакллар саҳналаштирилди?
– Президентимизнинг юқорида номи келтирилган қарори чиққанидан сўнг театрда илк марта Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, атоқли композитор Мустафо Бафоевнинг “Алишер Навоий” операсини саҳналаштирдик. Мусиқа, шеърият, миллий хореографияни ўзида мужассам этган ушбу саҳна асари томошабинларга жуда манзур бўлди. Шу билан бирга композитор Рустам Абдуллаевнинг “Жалолиддин Мангуберди” балетини ҳам томошабинлар илиқ кутиб олди.
– Маълумки, театрда Хитой Халқ Республикасининг етакчи ижодий жамоалари билан яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу ҳақда ҳам тўхталсангиз.
– Дарҳақиқат, Хитой Халқ Республикасининг опера ва балет санъаткорлари, етакчи жамоалари театримизнинг доимий ҳамкорларидир. Хитойлик опера ва балет ижодий жамоалари билан аввалдан ҳамкорлигимиз жуда яхши йўлга қўйилган. Президент қароридан сўнг бу ҳамкорлик ўз ривожининг янада янги босқичига чиқди.

2023 йилда бизнинг жамоа Хитойда беш кунлик гастроль сафарида бўлди. Ўзбекистон опера ва балет юлдузлари иштирокидаги концерт дастури, хор жамоаси, симфоник оркестримизнинг мусиқий чиқишларини хитойлик томошабинлар катта
қизиқиш билан кутиб олдилар. Концертларда жаҳон ва юртимиз композиторларининг операларидан энг сара намуналар хорижлик мухлислар эътиборига ҳавола этилди. Ҳамкорлигимизни янада кучайтиришга оид Меморандум имзоладик. Бу гастроль сафари театримизнинг энг йирик, натижадор ижодий сафари бўлди. Хитойнинг босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ушбу концертимизни, умуман, Ўзбекистонда давлат раҳбари томонидан опера ва балет санъатига бўлган эътиборни кенг ва батафсил ёритди.
Театримизда ўтказилувчи “Тошкент баҳори” халқаро опера ва балет фестивали, “Competizione dell opera” халқаро итальян операси танлови, турли ижодий лойиҳаларда, очиқ осмон остидаги концертларда хитойлик опера ва балет юлдузлари, шунингдек, жаҳоннинг турли мамлакатларидан вакиллар фаол иштирок этадилар.
– Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қарори янги-янги ижодий танловларга йўл очди. Шулар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Қарорга асосан, Ҳалима Носирова номидаги биринчи халқаро опера хонандалари кўрик-танлови жуда катта муваффақият билан ўтказилди. Унда бир қатор хорижий давлатлардан 90 га яқин опера ижрочиси қатнашди.

Шу билан бирга қарорга мувофиқ, опера ва балет санъати бўйича иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларни юзага чиқариш ва рағбатлантириш тизимини жорий қилиш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда февраль ойида “Ёш вокал ижрочилари”, апрель ойида “Ёш балет ижрочилари”, июнь ойида “Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар” республика кўрик-танловларини ўтказиш кенг йўлга қўйилди. Бундай танловлар республика миқёсда янги овоз соҳибларини кашф этишга хизмат қилмоқда. Хўжаназар Жумаев, Аминзода Жуманиёзов, Камолиддин Муҳаммадалиев, Ленара Зокирова, Фаррух Исаматов, Наврўза Мамаражабова, Фотима ва Зуҳра Турсунбоева, Шуҳрат Чориев каби ёшлар шулар жумласидандир. Айни пайтда театрга Туркия, Италия, Беларусь Республикаси, Россия ва бошқа давлатлардан санъаткорлар, балетмейстерларни таклиф этиш, қўшма спектакллар, янги-янги ижодий лойиҳалар устида ишлаш, яна кўплаб хорижий давлатларга ижодий сафарларга боришни режалаштирганмиз. Бир сўз билан айтганда, янгиланиш шиддати янги ижодий ташаббусларга қанот бермоқда.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.