Янгиланаётган Нурота
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда уни комплекс ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кундаги ислоҳотлар инфратузилмани яхшилаш билан чекланмай, балки тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш, хавфсизликни таъминлаш ва ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи муҳим омилга айланмоқда.
Нурота туманида “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ана шу ёндашувнинг ёрқин намунасидир.
Бугунги кунда туман марказидан Мустақиллик, Оқмачит ва Бўдиқ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи “Қизилқум ҳалқа” автомобиль йўлининг 56-59 километр қисмида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Лойиҳада фақат автомобиль йўлини таъмирлаш эмас, балки бутун бошли муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани замонавий талаблар асосида янгилаш кўзда тутилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Ориф Оҳунжонов. – Жумладан, пиёдалар йўлаклари қурилмоқда, ёмғир сувларини оқизиш учун сув лотоклари барпо этилмоқда ҳамда энергия тежамкор замонавий тунги ёритиш тизимлари ўрнатилмоқда. Бундай комплекс ёндашув йўлларнинг хизмат муддатини узайтириш, транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли учун қулай муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ёмғир сувларини ўз вақтида чиқариш тизимининг қурилиши йўл қопламасининг тез емирилишига сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиб, таъмирлаш харажатларини ҳам қисқартиради.

Мазкур лойиҳа якунлангач, йўлда транспорт ҳаракати янада хавфсиз ва қулай ташкил этилади. Пиёдалар учун алоҳида, хавфсиз ва замонавий йўлаклар барпо этилади. Замонавий тунги ёритиш тизими эса кечки пайтларда ҳаракат хавфсизлигини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва аҳоли учун янада қулай шароит яратилади.
Энг муҳими, мазкур лойиҳа доирасида ҳудудда 20 та янги тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, 35 та янги иш ўрни ташкил этилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири