Янгиланаётган Конституция ва ёшлар
Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтида «Янгиланаётган Конституция ва ёшлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Таъкидланганидек, ўтган вақт мобайнида янгиланаётган Конституция лойиҳаси устида қизғин иш олиб борилди.
Конституциявий қонун лойиҳасидан ёшларга оид қатор нормалар ўрин олган бўлиб, илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифаси этиб белгиланмоқда.
Янгиланаётган Конституцияда алоҳида модда ёшлар ҳуқуқларига бағишланмоқда. Унга кўра давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.
Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Давра суҳбатида янгиланаётган Конституциямиз ёшлар томонидан «Ёшлар Конституцияси» дея эътироф этилди.
ЎзА