Янгиҳаёт туманида ислоҳотлар самараси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида 2025 йил якунлари ҳамда жорий йилнинг устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ва мутасадди раҳбарлар оммавий ахборот воситалари вакилларига амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида маълумот берди.
Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда туман пойтахтнинг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бирига айланди. Аҳоли сони 160,4 минг нафардан 205,4 минг нафарга етди. Ўсишнинг асосий қисми миграция ҳисобига тўғри келгани ҳудуд жозибадорлигини кўрсатади.
2025 йил якунларига кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 13,6 триллион сўмни, хизматлар соҳаси 6,1 триллион сўмни ташкил этди. Қурилиш суръатлари ошди, янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.
Банд аҳоли сони 42,9 минг нафарга етди. Камбағаллик даражаси 10,6 фоиздан 2,1 фоизгача қисқартирилди. 2025 йил давомида 1 минг 757 та оила камбағалликдан чиқарилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 1 минг 65 та оила реестрдан чиқарилди.
[gallery-27865]
Туманда 89 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда, қамров даражаси 76,1 фоизга етган. 20 та умумтаълим мактабида 27 минг 588 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. “Ҳоким кубоги” ва “Ҳоким стипендияси” танловлари ўтказилиб, “Беш ташаббус” платформаси орқали ёшлар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилган.
Соғлиқни сақлаш тизимида 3 та бирламчи тиббиёт ҳамда 6 та ихтисослашган профилактика муассасаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 2025 йилда 2 минг 240 нафар чақалоқ дунёга келган. Эҳтиёжмандларга 138 турдаги дори воситалари бепул тарқатилган.
Инфратузилма соҳасида электр ва иссиқлик тармоқлари янгиланди, ички йўллар таъмирланди, янги сайилгоҳ ва спорт майдонлари барпо этилди. Инвестиция ҳажми 6,9 триллион сўмни, экспорт 223 миллион долларни ташкил этди.
2026 йилда саноат, хизматлар ва қурилиш ҳажмини ошириш, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Янги мактаб ва боғчалар қурилиши режалаштирилган.
Янгиҳаёт туманида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳудуднинг пойтахт тараққиётидаги стратегик аҳамиятини янада мустаҳкамламоқда.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА