Янгиерда тиббий кўрик ташкил этилди
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида кардиолог, хирург, педиатр, акушер-гинеколог, эндокринолог, дерматовенеролог, офтальмолог, травматолог каби тор соҳа мутахассисларидан таркиб топган тиббий жамоа томонидан "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" шиори остида 40 ва ундан юқори ёшдаги аҳоли орасида манзилли ва мақсадли тиббий кўриклар ташкил этилди.
– Тиббий кўрик жараёнларига ЭКГ, УЗИ, лаборатория, тез тиббий ёрдам шифокорлари ва тез ёрдам автомашиналари жалб этилди, – дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Ўралов. – Шарт-шароит яратилди ва улуғ ёшдагилар, ҳомиладорлар, бир ёшгача бўлган болалар, юрак қон-томир хасталиги, жумладан, артериал гипертония касаллиги, қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликлари, хавфли ўсмалар, сурункали буйрак ва жигар касалликлари мавжуд бўлган фуқаролар саломатлигига эътибор қаратилди.

Тиббий кўрик жараёнларида ётоқ ва ярим ётоқ режимидаги беморларнинг рўйхати шакллантирилиб, кўчма шифокорлик пункти орқали барча тиббий-инструментал текширувлар улар яшаётган хонадонда ўтказилди.

Маълум қилишларича, бугунги кунга қадар 2 минг 2 юз нафардан ортиқ фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, шундан 867 нафар фуқарода юрак қон-томир тизими билан боғлиқ хавфлар аниқланди. 512 нафар фуқаронинг 33 нафарида юрак қон-томир, 21 нафарида қандли диабет, 458 нафарида семизлик билан боғлиқ касалликларнинг илк белгилари кузатилди. Ушбу касалликларнинг келишига сабаб бўлувчи омиллар ўрганилиб, уни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Аниқланган касалликлар бўйича Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида йиғилиш ўтказилиб, соғломлаштириш режалари тузилди. Аҳоли саломатлигини доимий равишда кузатиб бориш ва соғломлаштириш тадбирларини улар яшаётган манзил ва маҳаллаларда ўтказиш бўйича оила шифокорлари ва патронаж ҳамшираларга тегишли топшириқлар берилди. Саломатлик кўрсаткичи ўта оғир фуқароларни стационар ва амбулатор даволаш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими ходимлари томонидан “Маҳаллабай” ва “Хонадонбай” соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳоли жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида соғломлаштириш тадбирлари ўтказилиб, унга етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган фуқаролар жалб этилди.

Мутахассислар аҳолига инсон саломатлигини сақлашда муҳим саналган соғлом овқатланиш қоидалари, жисмоний фаоллик ва унинг афзалликлари тўғрисида тавсиялар берди.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати масъули.
ЎзА