Янги ва таъмирланган қудуқлар ҳисобига газ қазиб чиқариш ҳажми оширилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов иштирокида ишлаб чиқариш масалаларига бағишланган навбатдаги йиғилишда қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Унда дастлаб август ойининг 1-20 кунлари учун режалаштирилган 10 та қудуқдаги бурғилаш ишлари муҳокама қилинди. Бугунги кунга қадар уларнинг 6 таси бурғиланиб, ишга туширилган. Қолган 4 та қудуқда бурғилаш ишлари якуний босқичда бўлиб, улардан ҳам яқин вақтларда саноат миқёсида газ олиниши кутилмоқда.
Шу билан бирга, 21-31 август кунлари қўшимча 17 та қудуқни бурғилаб, ишга тушириш ишлари жадал олиб борилаётгани таъкидланди. Барча режалаштирилган қудуқларни ишга тушириш орқали ой якунига қадар кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 4 миллион куб метргача ошириш мақсад қилинган. Бу чоралар бугунги кунда кузатилаётган табиий пасайишнинг олдини олиш ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради.
Йиғилишда қазиб чиқариш жараёнидаги ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир босқич шахсий назоратда бўлиши таъкидланиб, масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. Шунингдек, ишлатиш фондидан чиқарилган 17 та қудуқни мукаммал таъмирлаш ва қайта ишга тушириш вазифаси белгиланди. Ушбу ишлар туфайли август ойи якунига қадар кунлик 520 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини тиклаш кўзда тутилган.
Жамият ахборот хизмати хабар беришича, тадбирда геология йўналишидаги 3D сейсмоқидирув ишларининг бориши ҳам муҳокама қилинди. Берилган топшириқлар ижроси бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш учун зарур чора-тадбирларни кўриш топширилди.
Шу мақсадда технологик қурилмалар, электр тармоқлари, трансформатор подстанциялари, кабель эстакадалари, иссиқлик тармоқлари, дизель электр станциялари ва қозонхоналарни жиддий назоратга олиш, уларни таъмирлаш ва созлаш ишларини сифатли якунлаш вазифаси белгиланди.
Тадбир якунида барча йўналишлар бўйича масъулларга ишларни жадаллаштириш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва муддатларга қатъий риоя этиш топширилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА