Янги узилган ўрикни хуш кўрсангиз, Бойсунга келинг!
Бойсун туманидан 65-70 чақирим олисдаги Юқори Мачай маҳалласида ўрик пишди.
Одатда Сурхондарё вилоятида ўрик ва бодом мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан эрта гуллаб, тезпишиб, етилади. Эрта пишар навлари май, ўрта пишар ва кечпишар навлари ёз чилласигача июнь ва июль ойларида йиғиштириб олинади. Бироқ, тоғли Юқори Мачай маҳалласида униб ўсаётган ўриклар воҳада шу турдаги мевали дарахтларга нисбатан кеч пишарлиги билан фарқ қилади.

– Бу йил ёз чилласининг иссиқ келгани ўрик ҳосилларини эрта пиширди, – дейди Юқори Мачай маҳалласида яшайдиган соҳибкор Бахтиёр Эшонқулов. – Аслида ёз фасли меъёрида келган йиллари сентябрь ойида пишиб, етилади. Меваси болдек ширин. Ҳозир ҳар туп дарахтда ўртача юз килодан ошиқ мева бор. Унинг бир қисмини бозорга чиқарамиз. Қолганини қоқи қилиб оламиз.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнусбек Холиёровнинг айтишича, ўрик кўчатлари ўн уч йил муқаддам Қашқадарё вилоятининг Боғчорбоғ қишлоғидан олиб келиб, экилган. Тоғли иқлимга мос дарахтлар Бойсунда ўрик меваси кам бўлган йилда ҳам яхши ҳосил берган.

Маҳалла боғбонлари кечпишар дарахт кўчатларини кўпайтириб, тоғ қўйнида ўрикзор барпо этишни мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири