Янги умид, янги ҳаёт ва эртанги кунга ишонч
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган устувор йўналишлардан бирига айланди. Айниқса, ижтимоий соҳани янада такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар ва эҳтиёжманд фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бухоро тумани Хонобод маҳалласи ҳам ана шундай эзгу ишлар изчил амалга оширилаётган ҳудудлардан. Бугунги кунда маҳаллада 8603 нафар фуқаро истиқомат қилади. Улар орасида 46 нафар ижтимоий реестрга киритилган оилалар ва 120 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд.
Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим Шаҳноза Бақоева ана шундай инсонларга умид бағишлаётган, қалбида меҳр ва масъулиятни уйғун этган фидойи мутахассислардан. У ўз касбига садоқат билан ёндашиб, ҳар бир мурожаат ортидаги инсон тақдирини чуқур ҳис этади.

Шаҳноза Бақоеванинг ҳаётий тажрибаси ҳам унинг касбий фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Унинг фарзандлари алоҳида таълимга эҳтиёж сезгани боис, у ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг дарди, эҳтиёжи ва орзуларини янада чуқур англайди. Шу боис унинг ҳар бир ҳаракатида самимийлик ва меҳр устувор.

Маҳаллада ижтимоий хизматлар тизимли йўлга қўйилган. Ҳар бир оилага индивидуал ёндашув асосида кўмак кўрсатилиб, эҳтиёжманд фуқаролар доимий эътибор марказида. Бу эса ўз навбатида кўплаб оилаларда ижобий ўзгаришлар қилишга, инсонларда ҳаётга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Жумладан, фуқаро Раим Шодиевга 1-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, у “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида кундузги қараб туриш хизматига жалб этилди. У махсус аравача билан таъминланиб, моддий ёрдамлар ажратилди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали қўшимча ёрдамлар кўрсатилиб, коммунал тўловлар бўйича компенсация белгиланди.
Ёқут Шодиевага даволаниш учун моддий кўмак ажратилди, унинг невараси Рустам Муҳиддиновни васийликка олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Муҳаммад Сафоев эса ҳомийлик асосида компьютер жиҳозлари билан таъминланиб, “Ижтимоий реестр”га киритилди ва доимий моддий ёрдамга эга бўлди. Унинг қизи Муҳаррам мактабгача таълим муассасасига имтиёзли жойлаштирилди.

Мустафо Остоновга ҳам комплекс ёрдамлар кўрсатилиб, у махсус аравача ва тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Энг аҳамиятлиси, унинг онаси Муҳайё Воҳидова “Фаол ҳаётга қадам” дастури орқали иш билан таъминланди. Жавоншер Арабов эса ПТПК кўригидан ўтказилиб, “Ғамхўрлик гуруҳлари”га жалб этилди ва параспортга йўналтирилди.
Шундай фидойи инсонлар меҳнати билан эҳтиёжманд оилаларга нафақат моддий, балки маънавий кўмак ҳам етказилмоқда. Бу эса жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаб, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади. Энг муҳими, ҳар бир кўрсатилган эътибор ортида янги умид, янги ҳаёт ва эртанги кунга ишонч мужассам.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.