Янги цех ишга туширилди
Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалигининг янги маъмурий биноси ва гўштни қайта ишлаш цехи фойдаланишга топширилди.
Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалигининг янги маъмурий биноси ва гўштни қайта ишлаш цехи фойдаланишга топширилди.Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали аҳолини иш билан таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган кишилар учун шароитлар етарли. Қувонарлиси, бугун мана шундай имконияту имтиёзлардан унумли фойдаланиб, наинки ўзининг, юртдошларимизнинг ҳам фаровонлиги юксалишига ҳисса қўшаётган фермер-тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалиги ҳам бор.
Бўрдоқи мол боқиш, паррандачилик ва гўштни қайта ишлашга ихтисослашган мазкур хўжалик 2000 йилда фаолиятини бошлаган. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларини тубдан такомиллаштириш ҳамда иш юритишнинг илғор усулларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг эмин-эркин ишлаши учун яратилаётган қулайликлар мазкур хўжаликда ҳам ўз самарасини кўрсатди. Ўтган 15 йил ичида таъсисчию ишчиларнинг манфаатдорлиги бир неча маротаба ошди. Ишлаб чиқариш жараёнига замонавий техника ва технологияларнинг татбиқ этилиши натижасида маҳсулот сифати яхшиланди. Ишлаб чиқариш қуввати кенгайди, ҳажми ортди, кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
– Истиқлол туфайли юлдузга қўл етар замон келгани рост. Ҳар ҳолда бунга кейинги йилларда тез-тез гувоҳ бўлаяпман, – дейди “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалиги раҳбари Мухтор Тўхтаниёзов. – Ўзимиздан қиёс, кўплаб халқаро танловларда ғолиб бўлдик. 2004-2008 йилларда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган энг яхши колбаса ва гўшт маҳсулоти” совринини қўлга киритдик. 2006 йили “Ташаббус” анъанавий кўрик-танловининг мамлакат босқичида “Йилнинг энг яхши фермери” йўналиши бўйича ғолиб деб топилиб, Президентимиз соврини – “Matiz” автомобилига эга бўлдик. Ният ва шунга яраша ҳаракат қилсанг, эътибор ва шароит бўлса бас, ҳамма нарсага эришиш мумкин экан. Бултурги даромадимиз, етмаганига тижорат банкининг имтиёзли кредити ҳисобига кунига 10 тоннагача гўштни қайта ишлаш қувватига эга янги цех ва унинг маъмурий биносини қурдик. Натижада 40 янги иш ўрни яратилди. Бу билан хўжалигимиз аъзоларининг сони 140 нафарга етди.
Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган 100 дан ортиқ турдаги колбаса маҳсулотлари корхонанинг Чилонзор, Учтепа, Олмазор, Юнусобод туманларида фаолият кўрсатаётган олтита махсус дўкони ва бошқа диллерлик бўлимлари орқали мижозларга етказиб берилаётир.