Янги Тошкентдаги лойиҳалар ўрганилди
Янги Тошкентда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Яқинда давлатимиз раҳбари ушбу мегалойиҳа ҳудудига ташриф буюриб, амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнлари билан танишди ва келгусидаги вазифаларни белгилаб берди.
Куни кеча парламент қуйи палатаси депутатлари ҳам Янги Тошкентда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, замонавий инфратузилма объектлари ҳамда шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишди.
Ташриф давомида Янги Тошкентни замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида барпо этиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Халқ вакиллари кўп қаватли уйларда аҳолининг барча тоифаси учун яратилаётган имкониятларни кўздан кечирди. Замонавий бинолар ва инфратузилмани барпо этиш жараёнида аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, экологик барқарорликни таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш ва коммунал хизматлар сифатини яхшилаш муҳимлигига эътибор қаратдилар.
Шунингдек, депутатлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолияти билан ҳам танишдилар. Соҳада замонавий талабларни жорий этиш, қурилиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, уй-жой фондини бошқариш ҳамда коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратдилар.
М.Комилова, ЎзА