Янги Тошкентда Imperial College London филиали очилади
Буюк Британияда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги, элчихона, Солиқ қўмитаси, Тошкент шаҳар, Наманган ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари масъуллари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятини натижага асосланган бошқарув тамойиллари асосида ташкил этиш, бошқарув самарадорлигини ошириш, ҳудудларнинг мавжуд салоҳияти ва янги ўсиш нуқталарини аниқлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Ватандошлар томонидан форум доирасида бир қатор ташаббуслар билдирилди.
Форумда билдирилган таклиф ва ташаббуслар давлат органлари, ҳудудлар ва хориждаги ватандошлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд интеллектуал ва инвестицион салоҳиятни Ўзбекистон манфаатлари йўлида бирлаштириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Хизмат сафари доирасида Imperial College London университети халқаро ҳамкорлик бўйича директори Франк Далсон билан учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун, мазкур университет дунёнинг етакчи илмий-тадқиқот университетларидан бири бўлиб, 1907 йилда Лондонда ташкил этилган. Университет “QS” рейтингида жаҳонда ТОП-2, Буюк Британия ва Европада ТОП-1 ўринни эгаллайди.
Университетнинг асосий йўналишлари – сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлили, муҳандислик, киберхавфсизлик, робототехника, энергетика, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, математика ва физика, шунингдек, инновациялар ва бизнес бошқарувини қамраб олган.

Мулоқот давомида жорий йил якунига қадар 30 нафар давлат хизматчисини сунъий интеллект, муҳандислик, электротехника ва тоғ-кон йўналишлари бўйича махсус ўқув дастурларига юбориш, Янги Тошкентда Imperial College London филиалини очиш ҳамда давлат хизматчиларини тайёрлаш марказини ташкил этиш каби ҳамкорлик йўналишлари бўйича келишувларга эришилди.
Қайд этилган масалаларни амалга ошириш мақсадида томонлар ўртасида қўшма ишчи гуруҳи тузилади ҳамда тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА