Янги Тошкент инвестор ва аҳоли учун янги имкониятлар эшигини очади
Президент Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Янги Тошкентга ташриф буюриб, ҳудудда бунёд этилган иншоотларни ишга тушириш ва янги лойиҳаларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди. Шунингдек, бу ерда йирик лойиҳаларни амалга ошираётган инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Уч йил аввал қурилиши бошланган Янги Тошкент мамлакатимиз тарихидаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳасидир. Хавфсиз ва “яшил” шаҳар сифатида барпо этилаётган ҳудудда биринчи босқичнинг ўзида замонавий технологик ечимларга асосланган 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Шаҳарда 2 минг гектар яшил майдон ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилади. “Яшил қурилиш стандартлари” асосида 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонлари барпо қилинади.
Ўтган даврда Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик ишлар бажарилди. Турар жойлар, университетлар, кутубхона ва амфитеатр қурилди. Маросимда умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган еттита объект ишга туширилди.
Булар “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг биринчи босқичи, йўл ва инфратузилма объектлари, “Янги Тошкент” 1-сон нимстанцияси, тригенерация станцияси, Савдо-саноат палатаси биноси, “Соҳил боғи” истироҳат боғи ҳамда 2 минг ўринли умумтаълим мактабидир.

Туркиянинг “MIMSAN” компанияси иштирокида 73 миллион доллар инвестиция ҳисобига барпо этилган тригенерация станцияси 100 минг хонадонни марказлашган тарзда иситиш ва совитиш, айни пайтда электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Хитойнинг “Haocheng Industry Group Limited” компанияси билан қурилган нимстанция ва юқори кучланишли электр тармоқлари лойиҳасининг қиймати 95 миллион долларни ташкил этади.
Шунингдек, 18 километр автомобиль йўли барпо этилиб, 13 километр канализация ва 4,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Қирғоқ бўйлаб 10 километрлик “Соҳил боғи”да пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил қилинди. “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг илк босқичида қарийб 7 мингта хонадон қурилди.
Маросимда Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа хорижлик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган яна ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берилди.
Улардан бири юқори технологик маҳсулотлар ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Deep Tech park” саноат ҳудудидир. Уни барпо этишга 320 миллион доллар йўналтирилади. Келгусида бу ерда умумий қиймати 1,7 миллиард долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.
Финляндиянинг “MariMatic” компанияси иштирокида чиқиндиларни тўплаш ва улардан “яшил” электр энергиясини олиш лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, кўп квартирали уйлар томига умумий қуввати 20 мегаватт бўлган фотоэлектр тизимларини ўрнатиш режалаштирилган.

Янги Тошкентни пойтахт билан боғлаш учун Темур Малик кўчаси ва 4R12 автомобиль йўли ўртасида кўприк, йўл ўтказгич ва 10 километр йўл қурилади. Метро бекатлари билан туташган ер ости автотураргоҳини барпо этиш ҳам янги лойиҳалардан бири.
Умумий майдони 818 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган “Метрополис” бизнес-ситида офислар, меҳмонхона, турар жойлар ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади. Майдоннинг 500 минг квадрат метр қисми бизнес учун мўлжалланган. Бу ерда 1,5 минг нафар одамнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, “Silk City”, “Мавж” ва “Маржон” турар жой мажмуалари ҳамда 120 ўринли Янги Тошкент марказий шифохонаси қурилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар Янги Тошкентнинг бизнес, туризм ва маданият маркази сифатида шаклланишига хизмат қилишини таъкидлаб, шаҳар бунёдкорлигида иштирок этаётган қурувчилар, муҳандислар, лойиҳачилар ва хорижлик ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Кейин Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Янги Тошкент лойиҳаси доирасида давлат инфратузилма ва муҳим ижтимоий объектлар қурилишига катта маблағ йўналтирмоқда. Ҳозирга қадар янги шаҳарга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Бироқ қурилишга хусусий секторни жалб этиш суръатлари мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилди.
Шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозир минг гектардан ортиқ майдонда асосан давлат маблағи ҳисобидан қурилиш олиб борилаётган бўлса, тадбиркорларга 94 гектар ер ажратилган.
– Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас, – деди Президентимиз.
Янги шаҳар бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши зарур. Шу нуқтаи назардан, инвесторларга ажратилган ерларнинг учдан икки қисми уй-жой лойиҳаларига тўғри келаётгани, 28 та лотда эса фаол қурилиш бошланмагани кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари бундай ҳолатни инвесторларда маблағ ёки қизиқиш йўқлиги билан изоҳлаш тўғри эмаслигини айтди. Эскича талаблар, чўзиладиган рухсат жараёнлари ва айрим идораларнинг ҳамкор ўрнига назоратчи сифатида иш тутиши лойиҳаларга тўсиқ бўлмоқда. Шу боис, тадбиркорга ер ажратишдан тортиб, объектни ишга туширишгача бўлган жараёнларни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йил охиригача шаҳарда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳитини яратишни англатади. Президентимиз уйлар билан бир вақтда аҳолига зарур дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматлари ҳам йўлга қўйилиши кераклигини таъкидлади.
Шаҳарда FIFA талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. Келгуси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати муносабати билан меҳмонхона, овқатланиш ва кўнгилочар масканларга эҳтиёжни ҳисоблаб, тадбиркорларга аниқ инвестиция таклифларини тақдим этиш топширилди.
Янги шаҳарда ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда давлат идораларининг кўчиши ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари бу ерда фаолият юритмоқда, бошқа идоралар ходимлари учун бинолар қуриляпти. Қолган вазирлик ва давлат ташкилотларининг ҳам Янги Тошкентга кўчишини бошлаш топширилди.
Мулоқотда шаҳарнинг мастер режасини амалга оширишда инвесторлар ташаббусига кенгроқ йўл очиш зарурлиги қайд этилди. Шаҳар манфаатига хизмат қиладиган ўзига хос лойиҳалар учун лот майдони ёки объект турини ўзгартириш ҳақидаги таклифлар тез ва аниқ мезонлар асосида кўриб чиқилиши керак. Концепцияси, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш рухсати олдиндан тайёрланган майдонлар сонини кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Йирик тижорат объектларини жалб этиш учун очиқ ташаббус ва “Swiss challenge” тамойили асосида ер ажратиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу жараёнда инвестор ташаббуси эълон қилинади ва бошқа иштирокчилар яхшироқ шарт таклиф этмаса, ер дастлабки ташаббускорга ажратилади.

Хизмат кўрсатиш ва ижтимоий объектлар қурилишини рағбатлантириш мақсадида инфратузилма тўловлари қайта кўриб чиқилади. Базавий ставка савдо, сервис ва бизнес марказлари учун уч баробар, меҳмонхона ва туризм объектлари учун беш баробар, маданият ва кўнгилочар масканлар учун ўн баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун тўлов бир фоиз этиб белгиланади. Ушбу тартиб қурилиши бошланган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади.
Янги Тошкентда “яшил бино” стандартларини қўллаш билан боғлиқ харажатларни енгиллаштириш чоралари ҳам белгиланди. Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган нотурар жой лойиҳалари учун “яшил” сертификат олиш харажатлари давлат томонидан тўлиқ қопланади. Инвестор сотиб олган ҳар бир ер майдонининг 30 фоизини кўкаламзорлаштириш талаби бу ерда қўлланмайди: шаҳар ҳудудининг 30 фоизини яшил майдонга айлантириш бош режа асосида давлат томонидан таъминланади.
Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган ҳар бир лойиҳага масъул бириктирилиб, у объект ишга тушгунига қадар инвесторга ҳамроҳлик қилади. Бундай лойиҳалар бўйича алоҳида инвестиция битими тузилиб, унда томонларнинг мажбуриятлари ва лойиҳанинг хусусиятларига мос шартлар белгиланади.
Янги имкониятлардан бутун мамлакат тадбиркорлари фойдаланиши учун пойтахтнинг ҳар бир туманига ва республиканинг қолган 13 та ҳудудига Янги Тошкентдан 100 гектардан майдон бириктирилади. Ушбу ерлар бўйича дастлабки аукционда тегишли ҳудуд тадбиркорлари иштирок этади.
Хорижлик инвесторлар учун эса дастлабки 50 та лот белгиланди. Уларнинг жойлашуви, иқтисодий ҳисоб-китоблари ва яратилган имкониятлар акс этган таклифлар пакети дипломатик ваколатхоналар орқали етказилади. Вазирларга ҳам йирик хорижий компаниялар билан учрашувларда Янги Тошкент лойиҳаларини тақдимот қилиб бориш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Ширин” массиви қурилиши кўриб чиқилди. Бу ерда ишлар суст бораётгани танқид қилиниб, Янги Тошкент учун белгиланган имтиёз ва имкониятлар ушбу массивга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.
Президентимиз инвесторларни маҳаллий ва хорижликка ажратишга муносабат билдирар экан, “Капиталнинг, илғор ғоянинг ва ҳалол меҳнатнинг миллати йўқ!” деб таъкидлади. Шу маънода, Янги Тошкент ва “Ширин” массиви қурилишида иштирок этаётган ҳар бир тадбиркор юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари инвесторлар билан мулоқот қилди, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари