Янги қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни янги таҳрири мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифалар Ховос тумани 1-сон спорт мактабида ўтказилган ўқув-семинарда кенг муҳокама қилинди.
Семинарда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун фуқароларга яратилаётган имкониятларни кенгайтириш, аҳолини оммавий спортга жалб этиш, болалар ва ёшлар спортини ривожлантириш, спортчилар ҳамда мураббийларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Янги таҳрирдаги қонунда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган муҳим нормалар белгилангани қайд этилди.
Шунингдек, қонун нормаларининг амалиётдаги аҳамияти, соҳада фаолият юритаётган масъул ва мутахассисларнинг вазифалари ҳамда спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Аҳолининг турли қатламларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг спортдаги салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.

Семинар давомида спортчилар ва мураббийлар фаолияти учун муносиб шароит яратиш, соҳада қонун талабларига риоя этиш, белгиланган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ қилиш бўйича асосий йўналишлар белгилаб олинди.
— Бундай ўқув-семинарлар қонун нормаларини соҳада фаолият юритаётган масъул ва мутахассисларга янада кенг етказиш, уларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда белгиланган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди 1-сон спорт мактаби директори Раъно Холбоева.
Янги таҳрирдаги қонун жисмоний тарбия ва спортни аҳоли ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, спорт соҳасидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири