Янги қонун давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солади
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини юксалтириш, халқпарвар давлат барпо этишга оид устувор мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш давлат органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишни талаб этмоқда.
Юртимизда бу борада олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг навбатдаги амалий натижаси ўлароқ, куни кеча Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлади.
Чунки қонун давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, лавозимлар тоифалари ва малака даражаларини, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларининг ягона тартиботини, кадрларнинг касбий-маънавий фазилатлари ва алоҳида хизматларнинг объектив ҳамда адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини, умуман, ягона давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солишни назарда тутади.
Маълумки, жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Мазкур йиғилишда юқорида номи келтирилган қонуннинг ижтимоий аҳамияти, унда мамлакатимиз тараққиётини жадаллаштириш учун ўзига хос “драйвер” – ҳаракатлантирувчи куч мужассамлиги алоҳида таъкидланган эди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан давлат бошқарувида кадрлар сиёсатини такомиллаштириш, давлат фуқаролик хизматининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, давлат хизматчилари фаолияти ва бутун тизимни танқидий қайта кўриб чиқиш борасида зарур кўрсатмалар берилди.
Сир эмаски, бугун давлатни барқарорлаштириш билан бирга жамиятни фаоллаштириш, давлат хизматчисининг жамиятга ижобий муносабатини шакллантириш, халққа хизмат қилиш, одамлар розилигини олиш, ҳалоллик, адолатни мустаҳкам ўрнатиш борасидаги замонавий ёндашувга бўлган ижтимоий эҳтиёж кучайди. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Президентимиз илгари сураётган халқпарвар сиёсатнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Юртимизда сўнгги йилларда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Давлат органлари “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида янгича ва халқчил тизимда ишлашни бошлади. Давлат бошқаруви ва давлат хизматчилари оддий одамларга яқинлашди. Халқни эшитиш, муаммоларни тезкор ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди. Мазкур тизимни мустаҳкамлаш учун эса муҳим ҳуқуқий асос қабул қилиниши керак эди. Вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланган давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун эса бу борадаги муҳим дастуриламал ҳужжат бўлгани шубҳасиз.
Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, унинг “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида давлат бошқаруви”, “Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми”, “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш” каби бобларида давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, одоб-ахлоқ қоидалари каби тушунчалари акс этган. Ҳужжат Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.
Жумладан, Қонуннинг 5-моддаси “Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари” деб номланиб, унда давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш, давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги каби бандлар белгиланган.
Қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматини ўташда мазкур қонун билан тартибга солинмаган муносабатларга Меҳнат кодекси қўлланилади. Шунингдек, давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисоб варақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши таъқиқланади. Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланади. Давлат хизматчиларига 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб – Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди. Агентликнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари ҳам белгилаб берилди. Агентлик мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш борасида бир қатор вазифалар ва чора-тадбирларни белгилаб олди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради. Айни пайтда Қўқон шаҳрида ҳам мутасадди ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти тўғрисида тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Турли тақдимотлар, маъруза матнлари орқали тингловчиларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва вазифалари акс этган Қонун ҳақида батафсил маълумот берилмоқда. Бу каби учрашувлар орқали эса фуқароларимизда юртимизда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб, ҳуқуқий билим ва кўникмалари янада ортади.
Мухтасар айтганда, давлат хизматида узоқ йиллардан буён ўз ечимини топмаган тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун нормаларининг самарали ижросини таъминлаш орқали давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш соҳасида илғор халқаро стандартларга жавоб берувчи ягона тартибот тизими шакллантирилади. Энг асосийси, давлат фуқаролик хизматига малакали кадрларни фаол жалб қилиш, улар салоҳиятини ошириш, фидойи, халқпарвар ва рақобатбардош кадрлар сифатида тарбиялаш учун зарур ҳуқуқий шароитлар яратилади.
Эркинжон МАҲМУДОВ,
Қўқон шаҳар Адлия бўлими бошлиғи.
ЎзА