Янги Ўзбекистоннинг янги “Баҳори”
Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг янги “Баҳори” деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди.
Мукаррама Турғунбоеванинг ижодий мероси Ўзбекистон миллий рақс маданиятининг олтин фондини ташкил этади. Буюк санъаткор ва хореографнинг ижро ва ижодий фаолиятида халқ анъаналарининг беқиёс характер хусусиятлари, рақсдаги ғояларнинг аниқлиги, улкан тажрибанинг мужассамлиги, ҳис-туйғулар мусаффолиги, камтаринлик, ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги ўз ифодасини топган.

“Баҳор” давлат халқ рақс ансамблининг тарихи 1957 йилда истеъдодли раққоса ва хореограф Мукаррама Турғунбоева ёшлик ва гўзаллик тимсоли бўлган қизлар гуруҳини яратиш орзусини рўёбга чиқарган пайтидан бошланган.
Тез орада Мукаррама Турғунбоева раҳбарлигидаги “Баҳор” ансамбли Ўзбекистоннинг бой рақс маданияти билан хорижий мамлакатларни танитиб, мамлакатимизнинг ўзига хос маданий кўзгусига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 2020 йилда қайта ташкил этилган Мукаррама Турғунбоева номидаги ёш “Баҳор” давлат рақс ансамбли санъатимиз дарғаси томонидан асос солинган анъаналарни давом эттирмоқда.
Aнсамбль репертуаридан хореограф ва “Баҳор” ансамбли асосчиси Мукаррама Турғунбоева мактаби услубида яратилган янги замонавий рақслар ҳам ўрин олган. Aнсамбль санъаткорлари анъаналарни асраб-авайлаган ҳолда гастроль сафарларидан турли мамлакатлар халқларининг рақс ва куйларини олиб келади.

Aнсамбль репертуаридан наинки бой рақс репертуари, балки Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаммаджон Шокиров бошчилигидаги созандаларнинг ажойиб мусиқий дастури ҳам ўрин олган.
Мукаррама Турғунбоева номидаги ёш “Баҳор” давлат рақс ансамбли Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Франция, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Италия, Бирлашган Aраб Aмирликлари саҳналарида концерт дастурларини намойиш этди. Шунингдек, “Баҳор” давлат рақс ансамбли давлатимизнинг барча маданий тадбирларида, тантаналарда фаол қатнашмоқда.
Концерт дастурида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли репертуаридаги энг сара намуналар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА