Янги Ўзбекистоннинг эртаси салоҳиятли мутахассисларга боғлиқ
Мустақиллик энг улуғ, энг азиз неъмат. Бугун биз эришган, эришажак юксак марралар, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган “Инсон қадри учун" деган эзгу тамойилни ўзида мужассам этган ислоҳотлар динидан, тилидан, миллатидан қатъи назар Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат, элат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик шодиёнасида ҳам “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни илгари сурилиши бежиз эмас, албатта. Ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Чиндан ҳам бугунги кунда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яна бир бор яққол тасдиқлади.
Янги Ўзбекистон қисқа давр ичида илғор давлатлар сафига қўшилишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. Бу юксак маррага эришиш учун эса бизга салоҳиятли кадрлар, фундаментал тадқиқотлар, инновацион ишланмалар зарур. Бу борадаги ислоҳотлар мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал татбиқ этишда яққол кўзга ташланмоқда.
Фарғона политехника институти муҳандислик сир-асрорларини ўргатишга ихтисослашган олий таълим муассасаси. Аммо инсоният зиммасидаги аксарият оғир юмушлар роботларга юкланаётган, ўта масъулиятли вазифаларнинг бир қисми сунъий интеллект ихтиёрига ишониб топширилаётган бугунги глобаллашув даврида анъанавий таълим ёндашувлари билан пешқадамликка эришиб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, институт масъуллари халқаро талабларга мос рақобатдош кадрлар тайёрлаш учун илғор ёндашувларни амалиётга татбиқ этишга киришган.
Бунинг учун, аввало, муассасамизда юқори малакали педагоглар жамоаси шакллантирилди. Ҳозир 600 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ёшларга замонавий илм-фан сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Уларнинг 31 нафари фан доктори ва 170 нафари фан номзодларидан иборат.
Фан ва таълим интеграциясини таъминлаш, илмий тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида мавжуд 7 факультет фаолияти замон талабларига мослаштирилди. Ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам янгиланмаслиги табиий. Бу омил институтимизда “ECTS” га асосланган кредит-модул тизимини жорий этиш учун асос бўлди. Мазкур янгилик талабаларга ўқишнинг маълум қисмини хорижий олий таълим муассасаларида давом эттириш ва улар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Янгидан шакллантирилган фанлар мажмуаси муҳандислик бўйича билимларни чуқур эгаллашга йўналтирилган. Таълим жараёни ва дарсликларимиз халқаро стандартларга мос бўлиб, улар нуфузли таълим ташкилотлари томонидан тан олинган.
Асосийси, бу ерда машғулотлар фақат назария билан чекланиб қолаётгани йўқ. Қолаверса, дарсларни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳам чегара эмас. Биз талабаларнинг илмий тадқиқотлар олиб боришини кенг рағбатлантириш йўлидан боряпмиз. 332 мингдан ортиқ китоб фондига эга ахборот-ресурс марказимиз ёшлар ихтиёрида. 110 дан кўп хорижий олий таълим муассасаси ва 20 халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Қолаверса, 3 университет билан қўшма таълим дастурлари жорий этилган.
Айни чоғда, АҚШ, Италия, Франция, Германия, Корея, Япония, Россия, Латвия, Португалия, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг етакчи профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассисларини институтимиздаги таълим жараёнига жалб этдик. Ҳозир улар талабаларга илғор ёндашувлар асосида сабоқ бермоқда. Ўз навбатида,
йигит-қизларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли илмий ва спорт тўгараклари, маънавий-маърифий клублар фаолиятини йўлга қўйганмиз. Халқаро танловлар ва беллашувларда иштирок этувчи жамоалар ҳам шакллантирилган.
Амалга оширилаётган бундай тизимли чора-тадбирлар ўз амалий натижасини бераётир. 2021 йилда Фарғона политехника институти илк бор “Times Higher Education” халқаро рейтинг ташкилотининг “THE Impact Ranking” рейтингидан ўрин эгаллади. Яъни муассасамиз умумий кўрсаткичда 1001+ поғонадан жой олиб, Ўзбекистон олий ўқув юртлари орасида Тошкент давлат аграр университетидан кейинги 2-30 оралиқда таснифланди.
Президентимизнинг топшириқлари асосида олий таълим муассасаларининг ҳар бир мутахассислик кафедралари ҳузурида илмий тадқиқот марказларини ташкил этиб, уларнинг ўзига даромад топиш учун зарур шароитлар яратиб бериш вазифасининг ижросини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Фарғона политехника институтида илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган жами 17 марказ фаолият бошлади. Тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш маркази, ўқув-ишлаб чиқариш комплекси, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш маркази, медиа-марказ, қурилиш материаллари аккредитация маркази, АКТ инкубация маркази шулар жумласидан.
Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу муассасалар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида хорижий тажрибани қўллаган ҳолда 14 “spin-off” корхонаси очилди. Ҳозир уларга жами 343 нафар талаба жалб қилинган. Бу йигит-қизлар асосан молиявий аҳволи оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда иқтидорли ёшлардан иборат. Шунингдек, мазкур корхоналарида 800 нафардан зиёд йигит-қизнинг амалиёт ва стажировка ўташи учун имконият яратилди.
Марказлар бир неча кафедра ва “spin-off” корхоналарини қамраб олади. Яъни институтнинг бошқарув структурасида ушбу муассасалар алоҳида ўрин эгаллаб, уларда бир вақтнинг ўзида бир нечта кафедралардаги илмий-тадқиқот ишлари, малакавий амалиёт, стажировкалар олиб борилади. Марказларга молиялаштиришнинг турли манбалари ҳисобидан сотиб олинадиган жиҳоз ва инвентарлардан ҳам илмий, ҳам ўқув мақсадлари учун институтнинг барча бўлим, кафедралари очиқ тартибда фойдаланади.
Бундан хулоса шуки, илм-фан амалиёт билан уйғунлашсагина самара беради. Қолаверса, илмий изланиш ва тадқиқотлар натижаларини оммалаштиришда ҳам гап кўп. Дунёдаги илғор тажрибалардан нафақат хабардор бўлиб бориш, балки уларни пухта ўрганиш ҳам муҳим эҳтиёж. Бунинг учун эса катта платформа керак. Фарғона политехника институти айни шу масъулиятли вазифани муваффақиятли ўтамоқда.
Умуман олганда, мустақиллик улкан имкониятларни берди. Олий таълимдаги ислоҳотлар ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Байрам шукуҳи кезаётган кунларда Президентимизнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда ёшларни илмли, зукко ва интилувчан касб эгалари қилиб тайёрлаш биз таълим соҳаси вакилларини фидоийликка чорлайди.
Ўктам САЛОМОВ,
Фарғона политехника институти ректори,
техника фанлари доктори
ЎзА