“Янги Ўзбекистон” университетида ижодий учрашув
“Янги Ўзбекистон” университетида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ботиржон Эргашев, уюшма аъзоси Маъмура Зоҳидова, таниқли шоир Муҳиддин Омон талаба-ёшларга мамлакатимизда ёш авлоднинг келажаги учун яратиб берилган улкан имкониятлар хусусида батафсил сўз юритди.
– Шоирлик бу ҳузур-ҳаловатдан кечиш демакдир, – деди таниқли шоира Маъмура Зоҳидова. – Дардни ҳис эта олиб, уни ҳеч ким айтмаган тарзда ифода этиш, ҳеч ким кўра олмаган жиҳатларни кўриш ижодкордан катта истеъдод, салоҳият, билим ва маҳорат талаб этади.
[gallery-19840]
Учрашувда “Янги Ўзбекистон” университетида фаолият кўрсатаётган шеърият тўгараги ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Мен шеъриятга жуда қизиқаман, – деди ушбу университетнинг 4-курс талабаси Фирдавс Собиров. – Ўзим ҳам шеърлар машқ қилиб тураман. Бундай учрашувлар миллий адабиётимиздаги янгиликлар билан батафсил танишиш имконини бериши билан аҳамиятли.
Учрашувда атоқли шоирлар ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар. Шу билан бирга, ёшлар ҳам ўз машқларини шоир ва ёзувчилар назаридан ўтказди.
Н.Усмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА