“Янги Ўзбекистон таронаси” — Ватан мадҳ этилган мусиқий кеча
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбек миллий мақом санъати маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлими томонидан “Туркистон” санъат саройида “Янги Ўзбекистон таронаси” номли концерт дастури ташкил этилди.
Концерт дастурида миллий мақом санъатининг бетакрор намуналари, мумтоз ашулалар ҳамда Ватан, она юрт, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир давомида Тошкент вилояти ҳудудий бўлимининг мақом ижрочилари, хонанда ва созандалари томонидан мумтоз мусиқа дурдоналари билан бир қаторда, замонавий руҳдаги ватанпарварлик тароналари ҳам янгради.

Ижрочиларнинг маҳоратли чиқишлари томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлаб, миллий мусиқа санъатига бўлган қизиқиш ва эҳтиромни янада оширди.

Мазкур концерт дастури ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда аждодлардан мерос бўлиб келаётган мақом санъатига меҳр туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
“Янги Ўзбекистон таронаси” — истиқлол, Ватан ва миллий санъат тараннум этилган унутилмас мусиқий кеча бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА