Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим “драйвери”
Барчамизга маълумки глобал пандемия даврида рақамли технологияларнинг аҳамияти сезиларли даражада ошди, бу эса рақамли трансформациянинг, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун қанчалар муҳим эканлигини кўрсатди.
Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, рақамли трансформация жамиятни янада модернизация қилиш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш салоҳиятига эга. Шу боис, Янги Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётида барча асосий соҳаларни рақамлаштириш ҳамда мамлакатда ҳақиқий ахборот жамиятини барпо этишга устувор аҳамият берилмоқда.

Жумладан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” ва “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да миллий иқтисодиёт, саноат ва умуман жамиятда рақамли трансформацияни амалга оширишга қаратилган қатор вазифалар белгиланган. Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига мувофиқ давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни изчил такомиллаштириб бориш, давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан биридир.
Мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Агентлик томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплекси ишга туширилди. Давлат фуқаролик хизматчилари тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилди. Давлат фуқаролик хизматига муносиб кадрларни очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш тизими жорий қилиниб, танловларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” (vacancy.argos.uz) ахборот тизими ишга туширилди.
Ўтган давр мобайнида вилоятдаги 48 та давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд вакант лавозимлар учун 4 минг 774 марта очиқ мустақил танловлар ташкил этилиб, мазкур вакант лавозимларга жами 35 минг 452 нафар фуқаролар ҳужжат топширган. Танловлар якунига кўра, 1487 нафар номзодлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишига эришилди.
Барча туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда секторлар раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида samaradorlik.uz баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Давлат фуқаролик хизматчиларининг билимларини аниқлайдиган ҳамда уларнинг психологик портретини яратиш учун хизмат қиладиган “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” (test.argos.uz) электрон ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, синов натижаларидан малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилмоқда. Шунингдек, агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг ишдан ажралмаган ҳолда малакасини ошириш мақсадида ilm.argos.uz масофавий таълим портали ишга туширилган.
Ҳозирги вақтга қадар мазкур порталда турли соҳаларга оид 400 га яқин видеоматериал, 240 дан ортиқ электрон адабиётлар жойлаштирилган.
Бугунги кунда тизимда вилоят бўйича 3 минг 706 нафар давлат фуқаролик хизматчилари рўйхатдан ўтган.
Агентлик томонидан Давлат бошқаруви академияси ва Бош илмий-методик марказ билан ҳамкорликда давлат фуқаролик хизматчилари учун махсус масофавий малака ошириш платформаси bimm.uz ишга туширилган.
Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 2 минг 590 нафар турли даражадаги давлат фуқаролик хизматчилари, жумладан, 38 нафар “Келажак лидерлари” клуби аъзолари, 56 нафар миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар, салоҳиятли кадрлар резервига киритилган 33 нафар ҳамда ҳудуд ва туман (шаҳар) даражасидаги 2 минг 463 нафар давлат фуқаролик хизматчилари ушбу малака ошириш курсида малака оширди. Уларнинг 2 минг 446 нафари курсни муваффақиятли якунлаб, малака сертификатига эга бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳамда “Рақамли давлат фуқаролик хизмати” концепцияси доирасида hrm.argos.uz электрон платформаси ҳам ишга туширилди. Мазкур платформа инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишидаги бюрократик тўсиқларга чек қўйиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартириш мақсадида ишлаб чиқилди.
Эндиликда кадрларга оид иш юритув ҳужжатлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилинади ва юритилади.
Платформа Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ҳамда Ягона миллий меҳнат тизими — my.mehnat.uz электрон дастурлари билан интеграллашган. Ходимлар ва меҳнатга доир маълумотлар автоматик тарзда шаклланади.
Электрон тизим 2023 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларда жорий этилмоқда.
Ҳозирда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар хизматлари ходимлари учун ушбу платформадан фойдаланиш тизимга ходимларнинг шахсий маълумотларини киритиш тартиби юзасидан семинарлар ташкил этилиб, унда мазкур тизимнинг афзалликлари хусусида тушунтиришлар берилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, hrm.argos.uz ахборот тизимининг ишга туширилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқаришда қоғоз сарфининг камайиши, вақтнинг тежалиши, ходимлар билан ишлаш жараёнида шаффофликни таъминланишига эришилиб, ахборот хавфсизлигини таъминланиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари бўйича ягона марказлаштирилган маълумотлар базасини шакллантириш имконияти яратилади. Бу эса, албатта, кадрлар хизматлари ходимлари фаолияти самарадорлиги ва иш сифатини кескин оширади.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматининг раҳбарлик лавозимлари захирасига киритилган номзодлар ҳақидаги маълумотлар — кўникма ва компетенциялари, меҳнат фаолияти ҳамда ассесмент натижалари бўйича кўрсаткичлардан ташкил топган электрон портфолио ишлаб чиқилди. “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да Давлат бошқарувини такомиллаштириш ва давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, хусусан давлат органлари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, “мобиль бошқарув” тизимини яратиш билан боғлиқ бир қатор вазифалар мавжуд. Жумладан, давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида рақамлаштириш мақсадида “Давлат хизматчиси” мобиль дастурини жорий этиш белгиланган.
Ушбу қулайлик ва очиқлик фуқароларни давлат фуқаролик хизматига тенглик, адолатлилик принципи асосида ишга қабул қилинишида яқиндан кўмаклашади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида “Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор. Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин”, деб таъкидлаб ўтган эди.
Албатта, замонавий давлат бошқарувида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш бошқарув фаолияти самарадорлигини оширибгина қолмай, балки унинг очиқлиги, сифатини ошириб, жамоатчиликка давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини кузатиб бориш имконини яратади.
Сардор Жўраев,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг
Навоий вилояти филиали етакчи инспектори
ЎзА