“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”: умумий медаллар жадвалида Фарғона давлат университети пешқадам
Жорий йилнинг 4–9 июнь кунлари “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақаларининг Республика финал босқичи бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасалари вакиллари спортнинг еттита тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақа якунларига кўра, барча спорт турлари бўйича натижалар умумлаштирилиб, умумий медаллар жадвали шакллантирилди. Умумий ҳисобда Фарғона давлат университети спорт клуби мусобақанинг энг муваффақиятли жамоаси сифатида эътироф этилди. Жамоа вакиллари 7 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза медални қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллади.

Хоразм вилоятининг “УрДУ” спорт клуби иккинчи поғонадан жой олди. Жамоа ҳисобида 7 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медаль мавжуд бўлиб, умумий медаллар сони 13 тани ташкил қилди. Олтин медаллар сони бўйича етакчи жамоа билан тенг натижа қайд этилган бўлса-да, кумуш ва бронза медаллар сонининг камлиги хоразмликларни иккинчи ўринда қолдирди.

Кучли учликни Қорақалпоқ давлат университети спорт клуби якунлади. Жамоа аъзолари 4 та олтин ва 3 та кумуш медаль соҳибига айланиб, жами 7 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Мазкур натижалар олий таълим муассасаларида спортни оммалаштириш, иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини намоён этди. Олимпиада эса талабалар спортини янада ривожлантириш ва янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилувчи муҳим майдон эканини яна бир бор тасдиқлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА