Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади
Бухорода Устозлар миллий форуми
Мактабгача ва мактаб таълими тизимида таълим-тарбия сифатини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан устувор йўналишларни белгилаб олиш, халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилган ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларни самарали жорий қилиш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан Устозлар миллий форуми ташкил этилиши анъанага айланган.

Бухоро вилоятида ҳам “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остидаги Учинчи устозлар миллий форумига старт берилди.
Форумнинг ялпи йиғилишида вилоят ҳокимлиги ҳамда секторлар вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ва 300 нафардан ортиқ педагог қатнашди.
Тадбир аввалида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов тугалланган 2023-2024-ўқув йилида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиб, бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида 2023-2024-ўқув йилида вилоят мактабгача таълим тизимида ҳам самарали ишлар амалга оширилди.

Вилоятда 2 118 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг 488 таси давлат, 108 таси давлат- хусусий шериклик, 21 таси хусусий ва 1 501 таси оилавий мактабгача таълим ташкилоти сифатида фаолият олиб бормоқда. Мазкур муассасаларга 131 620 нафар 3-7 ёшли болалар қамраб олинган бўлиб, бу вилоятда мавжуд мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 85 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 фоизга ўсган.
Биргина мазкур ўқув йилида вилоятда 2 та давлат ва 78 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилган бўлса, 278 та умумий ўрта таълим мактабининг бўш биноларида 347 та бепул мажбурий бир йиллик тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, 8695 нафар бола жалб қилинди. Натижада ушбу ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган 34 769 нафар (95 фоиз) 6 ёшли болани мактабгача таълим билан қамраб олишга эришилди.

Шунингдек, мактабгача таълимга қамровини ошириш мақсадида 2023 йилда давлат дастурлари асосида 7 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 23.5 миллиард сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилиб, бунинг натижасида қўшимча 1090 та тарбияланувчи ўрни яратилди. Бундан ташқари, мактабгача таълимнинг муқобил шакллари асосида “Исузу” автобусларида ичида махсус дастур билан жиҳозланган “Ақлвой” мобил мактабгача таълим ташкилоти томонидан Қоракўл, Олот, Когон, Пешкў ва Жондор туманларининг тўққизта маҳалласида 3-7 ёшдаги 239 нафар бола мактабгача таълимга қамраб олинди.
Умумтаълим мактабларида ҳам якунланган ўқув йилида ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоятда 548 та давлат умумтаълим ва 28 та хусусий мактаблар мавжуд бўлиб, уларда 31 минг нафар педагог ходим 330 минг нафардан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, ўқувчи ва ўқитувчилар учун шарт-шароит яратиш мақсадида жорий йилда инвестисия дастури доирасида вилоятда 39 та мактабда, шундан 34 тасида реконструкция, 4 тасида мукаммал таъмирлаш ва 1 та ихтисослаштирилган мактаб-интернати қуриш ишларига 238,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, янги ўқув йили бошлангунга қадар қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, таълим объектларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2024 йилнинг ўтган даврида умумтаълим мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, жиҳозлаш, янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетидан 109,8 миллиард сўм маблағлар йўналтирилди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 75 та таълим муассасалари лойиҳалари ғолиб деб топилди.
Таълим сифатини ошириш педагог кадрларнинг сифат таркиби, муаллимнинг касбий маҳоратига боғлиқ. Сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли сўнгги бир йилда малака тоифасига эга ўқитувчилар сони 20 мингдан 23 мингга, яъни 74 фоизга ёки умумий ўрта таълим мактабларидаги олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 43 фоиздан 47 фоизга ошганлигини кузатиш мумкин. Биргина 2024 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестацияси натижаларига кўра, Бухоро вилояти 62,5 фоизлик ўртача натижа билан республикада пешқадам ҳисобланди. Шунингдек, янги тартибдаги оммалаштириш платформаси орқали 370 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси туман, 115 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси вилоят, 14 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилди.
2024 йилда иқтидорли ўқувчиларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларидаги натижалари ҳам салмоқли бўлди. Халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 3 та олтин, 7 та кумуш ва 12 та бронза, жами 22 та медални қўлга киритди. Қувонарлиси шундаки, халқаро олимпиада кўрсаткичини ўтган йилларга нисбатан қиёслаганда ҳам сифат жиҳатдан, ҳам сон жиҳатдан самарали натижаларга эришилди.
Тугалланган ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 11-синфини 21 минг 860 нафар йигит-қиз битирди. Битирувчиларнинг 729 нафари мактабни олтин, 132 нафари эса кумуш медаллар билан тамомлади. Умумтаълим мактаблари жорий йил битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши бўйича Билим ва кўникмаларни баҳолаш агентлиги таҳлилларининг дастлабки натижаларига кўра, Бухоро вилояти ўртача баллар самарадорлиги бўйича 89,1 балл билан республикада етакчиликни сақлаб турибди.
Форум жараёнида Президент мактаби ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда мактабдан ташқари таълим тизимларида ҳам салмоқли натижаларга эришилганлиги алоҳида эътироф этиб ўтилди.
–Қўлга киритилган ютуқлар, албатта, бизга янгича куч-ғайрат бағишлаб, янги марралар сари руҳлантиради,–деди бошқарма бошлиғи Ф.Қурбонов. –Бошланаётган 2024-2025-ўқув йилида тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш борасида аниқ мақсадларни кўзлаганмиз. Берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда мактабгача таълим ташкилотларида болалар қамровини 90 фоизга етказиш, олий тоифали ўқитувчилар улушини 20 фоизга, умумтаълим мактабларида биринчи тоифали ўқитувчилар улушини 35 фоизга етказиш, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини эса 60 фоизга ошириш, “Замонавий мактаб” мақомини олган мактаблар сонини эса 300 тага етказиш режалаштирилган.
Ф.Қурбонов янги ўқув йилида кўзда тутилган аниқ мақсад ва қилиниши лозим бўлган устувор вазифаларга бирма-бир тўхталар экан, бу йўлда барча педагогларни якдилликка, фаолликка чорлади.
Ялпи йиғилиш якунида таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фаол, ташаббускор ва изланувчан, муносиб натижаларга эришаётган таълим муассасалари ўқитувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири