Янги ҳосилга замин яратилмоқда
Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги фермер хўжаликларида пахта экиладиган майдонларга яхоб суви бериш, маҳаллий ўғит чиқариш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги фермер хўжаликларида пахта экиладиган майдонларга яхоб суви бериш, маҳаллий ўғит чиқариш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.Тумандаги “Адҳам” фермер хўжалиги миришкорлари ерни яхоб сувига ва маҳаллий ўғитга тўйдиришнинг фойдасини ўз тажрибаларидан яхши билади. Хўжаликда бу юмушлар ҳар йили ўз муддатида сифатли амалга оширилаётгани натижасида пахта ва ғалладан юқори ҳосил олинмоқда. 2014 йилда хўжалик аъзолари 248 гектар пахта майдонининг ҳар гектаридан 28 центнердан, 345 гектар ғалла майдонидан эса 60 центнердан ошириб ҳосил олди.
– Давлатга пахта ва ғалла сотиш шартнома режасини ошириб бажариш эвазига ўтган йилни 100 миллион сўмдан зиёд соф фойда билан якунладик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Адҳам Сафаров. – Деҳқоннинг даромадини кўпайтирадиган манба – юқори ҳосил. Шунинг учун ҳосилдорликни оширишнинг барча имкониятларидан унумли фойдаланишга, айниқса, қишки агротехник тадбирларни ўз муддатида бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз.
Хўжаликнинг машина-трактор паркида техника воситаларини баҳорги иш мавсумига тайёрлаш бўйича иш қизғин. Мавжуд 3 ҳайдов, 6 чопиқ трактори, 5 чигит экиш, 2 ғалла экиш сеялкаси, культиватор ва бошқа механизмлар тўлиқ таъмирланди.
Қиш мавсумида 11 минг гектар майдонга яхоб суви бериш ва маҳаллий ўғит чиқариш режалаштирган. Туманнинг барча хўжаликларида бу юмушлар белгиланган режа асосида амалга оширилаётир. Далага маҳаллий ўғит чиқариш бўйича туманда ташкил этилган 18 транспорт гуруҳи узлуксиз ишламоқда.