Янги Наманганда янги поликлиника биноси
Конституция байрам муносабати билан Наманган вилоятида бир қатор ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектлари ишга тушди. Жумладан, “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси сифатида Янги Наманган тумани марказий поликлиникасининг 250 қатновга мўлжалланган янги биноси фойдаланишга топширилди.
Республика бюджети ҳисобидан ажратилган 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шу ўринда айтиш ўринлики, тумандаги еттита тиббиёт муассасаси жорий йилда тўлиқ рақамлаштирилиб, “Dmed” ахборот тизими йўлга қўйилди. Қолаверса, моддий-техника база янгиланиб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан 1 миллиард сўмлик компьютер жиҳозлари ҳамда маҳаллий бюджетдан 3 миллиард сўмга яқин маблағлар йўналтирилди.


Вилоят ва туман фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали очилиш маросимида Янги Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси жамоасига вазирлик томонидан 50 дона компьютер жамланмаси совға қилинди.
Элимиз саломатлиги йўлида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва имкониятлар ўз навбатида, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини ошишини таъминлайди.


Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.