Янги молиявий механизм: Булоқбоши туманидаги 35 йиллик муаммо ҳал этилади
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадри, унинг манфаатлари ва фаровон ҳаётини таъминлаш масаласи турибди. Бу борада давлат бошқарувининг барча бўғинларида аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш ва жойлардаги долзарб масалаларга тезкор ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига сайлов округларидаги муаммоларни ҳал этиш учун 3 миллиард 300 миллон сўм миқдорида маблағ ажратилиши бўлди. Мазкур тартиб нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш воситаси, балки депутат ва сайловчи ўртасидаги ишончни мустаҳкамловчи муҳим механизм сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Маблағлар ажратилиши, аввало, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш имконини яратади. Илгари айрим масалаларни ҳал қилиш учун юқори ташкилотларга мурожаат қилиш, маблағ ажратилишини кутиш каби жараёнлар вақт талаб этар эди. Янги тартиб эса депутатларга бевосита ўз сайлов округидаги муаммоларни мустақил ҳал этиш ваколати ва имконини беради.

Айниқса, маҳаллалардаги инфратузилма муаммолари – ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, электр тармоқларини янгилаш, ижтимоий объектларни таъмирлаш каби масалаларни ҳал этишда мазкур маблағлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатиб, уларнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулнорахон Абдувоҳидова томонидан сайловчиларнинг ички йўллар билан боғлиқ 35 йиллик муаммоси ҳал этиладиган бўлди.
Жумладан, Булоқбоши тумани Нефтчилар маҳалласидаги Ибрат кўчаси ташкил топганидан буён асфальт қилинмагани сабаб, айниқса, куз-қиш фаслида аҳоли ва таранспорт воситаларининг ҳаракатланишида турли қийинчиликлар туғдириб келаётган эди. Эндиликда, депутатга ажратилган маблағ ҳисобига Ибрат кўчаси асфальт қилиниб, сайловчиларнинг муаммоси ижобий ечим топадиган бўлди.

Айтиб ўтиш жоизки, ушбу механизм депутатларнинг жойлардаги фаоллигини оширди. Энди депутат фақат қонун ижодкори сифатида эмас, балки ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этувчи ташаббускор сифатида ҳам намоён бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Қонунчилик палатаси депутатларига сайловчиларнинг муаммоларини ҳал этиш учун маблағ ажратиш амалиёти мамлакатимизда “инсон – жамият – давлат” тамойилини амалда рўёбга чиқараётган муҳим қадамлардан биридир. Ушбу механизм депутат ва сайловчи ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиб, жойлардаги долзарб масалаларни тезкор ва самарали ҳал этишга ёрдам беради.
Энг муҳими, ушбу ташаббус орқали халқ вакиллари ўз сайловчиларига янада яқинлашиб, уларнинг ишончини қозонади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда адолат, очиқлик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА