Янги марралар сари ошиқаётган болажонлар
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 117-умумтаълим мактабида 521 нафар ўқувчи замонавий шароитларда сабоқ олмоқда. Уларнинг 216 нафари бошланғич синф ўқувчиларидир.
Таълим масканида тасвирий санъат, ментал арифметика, фан ва спорт тўгараклари ишлаб турибди. Мактаб ўқувчилари фан олимпиадалари ҳамда турли танлов ва спорт мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
[gallery-5274]
Барча мактабларда бўлгани каби, куни кеча ушбу таълим маскани ўқувчилари ҳам иккинчи чоракни якунлади. Уларнинг барчаси, айниқса, бошланғич синф ўқувчилари қишни, оппоқ қор ва завқли қиш таътилини соғинган. Таътил олдидан ўқувчилар партадош ва синфдошларига яхши тилаклар билдириб, бири таътилда оиласи билан “Янги йил арчаси” тантаналарига боришини айтса, бошқаси дам олиш кунлари “Қорбобо” совға қилган янги китобни ўқиб чиқишини айтади. Яна кимдир таътил вақти буви ва бувасини кўришга қишлоққа боришини билдиради. Асосийси, улар қишки таътилда янада куч-қувватга тўлиб, келаси чоракда янада шижоат билан янги марраларни забт этишга киришади.
Камола ЮСУПОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА