Янги мақсадлар белгилаб олинди
Янги ўқув йили арафасида Ширин шаҳрида таълим тизими олдида турган устувор вазифаларни белгилаш, ўтган даврда эришилган натижаларни таҳлил қилиш ва педагоглар фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган «Устозлар форуми» ўтказилди.
Ширин шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ташаббуси билан Ширин шаҳар ихтисослаштирилган мактабида ташкил этилган форумда таълим муассасалари раҳбарлари, педагоглар, фаол ва тажрибали устозлар иштирок этишди.

Тадбирда ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, янги ўқув йилида таълим сифатини янада ошириш, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, педагогларнинг касбий маҳоратини юксалтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

— Мазкур форумни ўтказишдан асосий мақсад — таълим сифатини ошириш, педагогларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, замонавий педагогик ёндашувларни таълим жараёнига кенг жорий этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда таълим фидойилари ўртасида самарали тажриба алмашинувини йўлга қўйишдан иборат. Бугун таълим соҳасида юз бераётган ўзгаришлар устозлардан доимий изланиш, янгиликка интилиш ва замонавий ёндашувларни ўзлаштиришни талаб этмоқда, — дейди Ширин шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Жамолиддин Жуманазаров.

Форум давомида таълим муассасалари фаолиятининг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниб, янги ўқув йили учун аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш даражасини юксалтириш, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион методларни дарс жараёнига кенг татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, педагогларнинг касбий ривожланиши, дарс самарадорлигини ошириш, илғор ва самарали иш усулларини оммалаштириш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди. Тажрибали устозларнинг амалий тажрибасини ёш педагогларга етказиш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Форум доирасидаги очиқ мулоқот ва фикр алмашувлар педагогларга ўз фаолиятини таҳлил қилиш, мавжуд тажрибани баҳолаш, янги методик ёндашувларни ўрганиш ҳамда келгуси фаолият учун аниқ хулоса ва режалар белгилаб олиш имконини берди.

Таълим сифатини таъминлашда устознинг билими, касбий маҳорати ва доимий изланиши муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, «Устозлар форуми» янги ўқув йили олдидан вазифаларни белгилаш билан бирга, педагогларни ягона мақсад — ёш авлодга сифатли ва замонавий таълим бериш, уларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш йўлида бирлаштирган муҳим мулоқот майдони бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири