Янги иш ўринларини яратишда қайси омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга?
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳамда барқарор иш ўринлари яратишни жадаллаштиришга бағишланган юқори даражадаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда халқаро молия институтлари, давлат идоралари, тижорат банклари, хусусий сектор, венчур фондлар ва таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Басса ҳамда бошқа иштирокчилар мамлакатда меҳнат бозорига ҳар йили кириб келаётган аҳоли бандлигини таъминлашда кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
Бугунги кунда бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва тадбиркорлар учун очиқ ҳамда шаффоф қоидаларни жорий этиш ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу билан бирга, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун арзон ва узоқ муддатли молиявий ресурсларга киришни таъминлаш масаласи ҳам долзарб. Шу талабларга кўра, тадбирда хусусий сектор ресурсларини фаол жалб этиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш янги иш ўринлари яратишга хизмат қилувчи муҳим йўналишлар сифатида кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида халқаро молия институтлари ва ривожланиш ҳамкорлари томонидан амалга оширилаётган дастурларни мувофиқлаштириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча молиялаштириш манбаларини сафарбар этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд ва режалаштирилаётган ташаббусларни миллий устувор йўналишларга уйғунлаштириш, молиявий ва институционал бўшлиқларни бартараф этиш туфайли кичик ва ўрта бизнеснинг унумдорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш мумкин.
Якунда мазкур давра суҳбати манфаатдор томонларни бирлаштириш, дастлабки келишувларни шакллантириш ва кичик ҳамда ўрта бизнесни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратгани қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА