Янги иш ўринлари яратилмоқда
Бандлик дастури – амалда
Навоий вилояти Нурота туманидаги Истиқбол маҳалласи ҳудудидаги 10 гектар ерда кичик саноат зонаси ташкил этилиб, бу ерда “JOM MARBLE” масъулияти чекланган жамияти томонидан гранит тошларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобидан лойиҳа-смета, инфратузилмага уланиш, логистика, ободонлаштириш, қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек, технологик жиҳозлаш тадбирларига қиймати 59,5 миллиард сўм миқдоридаги инвестиция киритилган бўлиб, гранит тошлар қайта ишланмоқда.

Масъулияти чекланган жамияти томонидан 2024 йил мобайнида умумий қиймати 16,6 миллиард сўмлик гранит тошлари қайта ишланиб, 960,3 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 40 та иш ўрни яратилган.
Бундан ташқари, кичик саноат зонаси ҳудудидаги “PREMIER TEKSTIL” масъулияти чекланган жамиятига ҳам 2022 йил декабрь ойида аукцион савдоси асосида 0,69 гектар ер 10 миллиард сўмлик инвестиция киритиш шарти билан “Тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳасини йўлга қўйиш мақсадида ажратилганди.

Мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан 2024 йилда умумий қиймати 0,76 миллиард сўмлик тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва 60,1 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Энг эътиборлиси, лойиҳа ишга туширилиши эвазига 150 нафар маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири