Янги имкониятлар майдони
Янги Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб таълим олиши, касб эгаллаши, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда ҳар бир битирувчи ўз билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Олий таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар бу эзгу сиёсатнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ёшлар учун инвестиция киритиш – мамлакат келажагига инвестиция киритиш демакдир. Шу боис мамлакатимизда ҳар бир битирувчининг муносиб иш топиши, ўз бизнесини бошлаши ва меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Бухоро шаҳрида “Талаба Экспо – 2026” ҳудудий касб кўргазмаси ва битирувчилар бандлиги форуми юқори савияда ташкил этилди.
Форумда вилоятдаги барча олий таълим муассасалари битирувчилари, ёш тадбиркорлар, йирик иш берувчилар, банк-молия муассасалари ва давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Бу эса мазкур тадбирни ёшлар учун кенг имкониятлар, янги ғоялар ва амалий ечимлар майдонига айлантирди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Бахтиёр Одилов, “Ўзмиллийбанк” АЖ масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этиб, ёшларнинг билимли, ташаббускор ва рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланиши мамлакат тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлади.
Форумнинг асосий мақсади олийгоҳ битирувчиларини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Касб кўргазмаси доирасида вилоятдаги йирик саноат корхоналари, хусусий компаниялар ва тадбиркорлик субъектлари ўзларидаги бўш иш ўринларини тақдим этди. Битирувчилар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, меҳнат шартлари, касбий ўсиш имкониятлари ва бўш иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконига эга бўлди.

Форумнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга қаратилган амалий маслаҳатлар бўлди. Хусусан, “Ўзмиллийбанк” АЖнинг “Келажакка қадам” маркази мутахассислари томонидан стартап лойиҳаларини молиялаштириш, имтиёзли кредитлар олиш тартиби, бизнес режаларни шакллантириш ва тадбиркорликни бошлаш юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
Шунингдек, форум доирасида мамлакатимизда ўз меҳнати ва ташаббуси билан катта ютуқларга эришган тадбиркорлар иштирокида мотивацион бизнес-тренинглар ташкил этилди. Улар ўз ҳаётий тажрибалари, муваффақият сири ва тадбиркорликдаги илк қадамлар ҳақида ёшлар билан самимий суҳбатлашди.
Тадбир иштирокчилари “Робокит” МЧЖ каби инновацион корхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Замонавий технологиялар, робототехника ва инновацион ишланмалар бўйича ўтказилган тақдимотлар ёшларда илм-фан ва инновацияларга қизиқишни янада оширди.

Форум доирасида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти эса тадбирнинг энг мазмунли қисмига айланди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббусларини эркин билдириш имконига эга бўлиб, мутасадди раҳбарлар томонидан уларга аниқ ва асосли жавоблар берилди.
Шунингдек, талабалар учун “Мергантекс” МЧЖ корхонасига махсус танишув экскурсияси ташкил этилди. У ерда ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар, меҳнат шароитлари ҳамда ёш мутахассислар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишиш уларнинг келгуси фаолияти учун муҳим тажриба мактаби бўлди.
Форум якунида битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, иш берувчилар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ёшларни қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатган олий таълим муассасалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар тантанали равишда тақдирланди.

Бухорода ўтказилган “Талаба Экспо – 2026” форуми оддий меҳнат ярмаркаси эмас, балки Президентимиз раҳбарлигида ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу каби форумлар ҳар бир битирувчига ўз келажагини белгилаш, муносиб иш топиш, тадбиркорликка қадам қўйиш ва орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Энг муҳими, бугунги Янги Ўзбекистонда ҳеч бир ёш ўз тақдири билан ёлғиз қолмаяпти. Давлат томонидан яратилаётган кенг имкониятлар, таълим, бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ҳар бир ёшнинг келажакка ишонч билан қадам ташлашига хизмат қилмоқда. Зеро, билимли, касбли ва ташаббускор ёшлар — мамлакат тараққиёти, иқтисодий юксалиши ва Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажагини барпо этадиган энг буюк кучдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири